Хорватияда президент сайлови ғолиби иккинчи босқичда аниқланади

Зоран Миланович

Хорватиядаги президент сайловида даъвогарларнинг бирортаси ҳам биринчи босқичда 50 фоиздан кўпроқ овоз йиғишга муваффақ бўлолмади.

Давлат сайлов комиссияси маълумотларига мувофиқ, амалдаги давлат раҳбари Зоран Миланович сайловда 49 фоиз овоз тўплаган. Унинг асосий рақиби, ҳукмрон консерватив партия вакили Драган Приморач 19,35 фоиз овоз жамғарган.

Эндиликда улар 2025 йилнинг 12 январида бўлиб ўтажак иккинчи босқичда учрашишади. Хорватиядаги президент сайловида иштирок этган яна олти нафар номзод 10 фоиздан ҳам кўпроқ овоз йиғолмаган.

Хорватия парламент республикаси бўлиб, мамлакатдаги асосий қарорларнинг катта қисмини бош вазир қабул қилади, айни пайтда президент қуролли кучлар бош қўмондони бўлиб ҳисобланади.

Миланович Украинага ҳарбий ёрдамни танқид қилиб келиши билан танилган. Хусусан, у украиналик ҳарбийларнинг Хорватия ҳудудида ўқитилишини тақиқлаган.

Бош вазир Андрей Пленкович уни “россияпараст сиёсатчи” деб атаб, Миланович “Хорватиянинг НАТОдаги ва ЕИдаги обрў-эътиборини ер билан яксон қилмоқда” деб ҳисоблайди. Бунга жавобан президент “Хорватиянинг кераксиз урушга жалб қилиниши”нинг олдини олишга уринаётгани, Украинада “Россияга қарши АҚШ ва НАТО урушаётгани”ни билдирган.