АҚШ ва бошқа давлатлар хусийлардан Қизил денгиздаги ҳужумларни тўхтатишни талаб қилди

Хусийларга қарашли вертолёт Galaxy Leader кемасини босиб олиш арафасида олинган фотосурат.

БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари Ямандаги хусий шиа исёнчи гуруҳларини Қизил денгиз ва Аден кўрфазида кемаларга ҳужум қилишни тўхтатишга чақирди. Баёнотда хусийларнинг бу ҳаракатлари минтақавий барқарорликка, кемаларнинг дунё ҳамжамияти қабул қилган меъёрлар асосида эркин ҳаракатланишига ва озиқ-овқат маҳсулотларининг етказиб берилишига таҳдид солаётгани таъкидланди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

БМТ Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатларнинг 2024 йилда ўтган дастлабки йиғилишида хусийлардан Исроил ширкатига алоқадор, аммо Япония томонидан бошқариладиган Galaxy Leader кемасини озод этиш талаб қилинди. Бу кема 2022 йилнинг 19 ноябридан бери хусийлар қўлида қолмоқда.

АҚШ, Австралия, Баҳрайн, Бельгия, Канада, Дания, Германия, Италия, Япония, Нидерландия, Янги Зеландия ва Британия хусийларни Қизил денгизида кемаларга ҳужум қилишни зудликда тўхтатишга ва қўлга олинган кема ҳамда денгизчиларни озод этишга чақирди.

3 январда Оқ Уй расмий сайтида эълон қилинган бу баёнотда хусийлар Қизил денгиздаги ҳужумлар учун жавобгарлик борлигидан огоҳлантирилган.