Яна бир автолизинг фирмаси фуқароларни чув туширди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида давлат рўйхатидан ўтказилган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а“ банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълумот тарқатди.

Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида жамият раҳбари ва унинг шеригига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Маълум бўлишича, мазкур фирма фуқароларга бир неча турдаги автомобилларни бошланғич 20 фоизлик тўлов, йиллик 7 фоизлик устама ва 1 йилдан 5 йилгача бўлиб тўлаш шарти билан олиб беришни ваъда қилган.

Ҳуқуқ идоралари ушбу МЧЖ молиявий-хўжалик фаолиятини ўрганиб, ҳужжатда кўрсатилган 10 миллиард сўмлик низом жамғармаси шакллантирилмаганини аниқлаган.

Жамият томонидан 52 нафар шахс билан автотранспорт воситалари етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар асосида 1,7 миллиард сўм маблағ жамият ҳисоб рақамига кирим қилинган. Бу маблағ пластик карталарга ўтказиш йўли билан нақдлаштириб олингани ҳолда, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи корхона ва ташкилотлар билан шартнома тузилмаган.

“Halal Auto Leasing kompany” МЧЖдан жабр кўрган фуқаролар (71) 231-33-94 телефон рақами орқали ИИВ Тергов департаментига мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатилган.

Ўзбекистонда одамларнинг автомобиль олиб бериш ваъдасига ишониб, миллионлаб сўм маблағидан ажралиб қолиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Молиявий фирибгарликлардан зарар кўрганлар сони юз мингларни ташкил этиши айтилади.