Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳокимининг ўринбосари Ғулом Бектемиров 1 йил давлат идораларида мансабдорликда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Суд уни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми, 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топган.
Kun.uz нашрининг суд ҳужжатларига таянган ҳолда хабар қилишича, халқ депутатлари Тахиатош тумани кенгашининг 2023 йил 23 июнидаги қарори билан “Universal Energo Ғaiz Stroy” МЧЖ тумандаги ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида иситиш тизимларини амалга оширишда хусусий шерик сифатида киритилган. Сўнгра туман ҳокимлиги ва МЧЖ ўртасида жами 12 миллиард 440 миллион сўмлик (шундан 6 миллиард 220 миллион сўми бюджет маблағи) давлат-хусусий шериклик битими тузилган.
Мазкур битимда тумандаги 49 та ижтимоий соҳа объектида 173 та янги иситиш қозони ўрнатилиши ва иситиш тизимлари модернизация қилиниши, кўмир учун омборхона қурилиши ҳамда бошқа таъмирлаш ишлари бажирилиши белгиланган. Аммо ҳоким ўринбосари Ғулом Бектемиров МЧЖ раҳбари Аманбай Карашаев билан тил бириктирган ҳолда лойиҳа-смета ҳужжатларида назарда тутилган ишларни тўлиқ бажармасдан, сохта ҳисоб-фактура тайёрлашган.
Шу тариқа 760 миллион сўм бюджет маблағи ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилинган.
Ҳоким муовини, шунингдек, ҳокимлик балансида бўлган ва режавий бузилишга тушган уйни бузиш ҳамда ундан чиққан материалларни сотиш ваколатини берувчи ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига маҳаллий фуқародан 32 миллион сўм олган.
35 ёшли Ғулом Бектемиров 2022 йил май ойидан Тахиатош тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Аввалроқ Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳокими ўринбосари 7 йилга қамалгани, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани ҳокими муовини эса 5 минг доллар пора билан ушлангани хабар қилинганди.