“Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида 20 январь куни соат 11:42 да чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган.
Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса чоғида уч киши олинган жароҳат сабабли вафот этган, яна уч киши турли даражада куйиш тан жароҳатини олган.
“Вафот этган ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб бораётган хизмат кўрсатиш ходимлари бўлган”, дейилган хабарномада.
ФВВ ўз ходимлари воқеа жойида портлаш оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бораётгани, чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича суриштирув ишлари бошланганини билдирган.
Вазирлик қайдича, ҳодиса натижасида “Янги Ангрен” ИЭС инфратузилмаси ва технологик ускуналарига шикаст етмаган.
Бу орада Бош прокуратура матбуот хизмати ИЭСдаги ҳодиса юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Икки ҳафта муқаддам Таллимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблок тўхтагани, бунинг оқибатида Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида сув ва электр энергияси таъминоти тўхтаб қолгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.