Ўзбекистонда 15 июлдан бошлаб 200 минг сўмлик банкнотлар муомалага чиқарилади. Бу ҳақда Марказий банк 13 июль куни маълум қилди.
Банкнинг билдиришича, 200 минг сўмлик банкнот мавзуси “Буюк Ипак йўли” ҳамда Фарғона водийсининг қадимий тарихига бағишланган. Унинг ўлчами 152 х 69 мм.
Банкнотнинг ўнг тарафида оч фонда қадимги “Буюк Ипак йўли”нинг рамзи сифатида туя ва “200000” рақами кўринишида сув белгилари жойлашган.
Банкнотнинг ўнг тарафида қоғоз қатламида кенглиги 4 мм.ли кўк рангли, “силжиш” эффектига, “UZB” ёзувига эга бўлган, микрооптик ва машинада ўқиладиган ҳимоя ипи ўтказилган.
Олд ва орқа томонларининг асосий ранги – фируза рангда бўлиб, бошқа ранглар билан уйғунлашган.
Банкнотлар ҳимояланган қоғозда чоп этилган бўлиб, олд ва орқа томонлари махсус лак билан қопланган.
Бунгача энг йирик банкнот номинал қиймати 100 минг сўм бўлган банкнот ҳисобланган.