Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 2023 йил “Коррупцияга қарши кураш йили” деб эълон қилинди. Бу ҳақда вазир Амрилло Иноятов янги лавозимга ўтганидан сўнг илк маротаба, 4 январь куни ўтказган ҳайъат йиғилишида маълум қилган.
“Qalampir.uz” нашри хабарига кўра, А. Иноятов тизимда коррупция авж олган йўналишлар мавжудлигини очиқ тан олган.
“Кўпчиликка маълум бўлган коррупция урчиган бир қатор йўналишлар борки, биринчи навбатда уларга барҳам беришимиз керак. Хусусан, ишга жойлаштириш, айниқса, ҳамшираларни, “роддом”лардаги “суюнчи пули”, “кесарча кесиш” учун белгиланган ставкалар, ордер беришдаги таниш-билишчилик каби иллатлар мавжудлигини ҳамма билади. Афсуски, шу ишларни амалга ошираётган айрим нопок шахслар туфайли бутун тизим шаънига доғ тушмоқда”, деган А. Иноятов.
Йиғилишда, шунингдек, малака тоифасини беришдаги бюрократик тўсиқлар ҳақида ҳам сўз борган.
“Таълим йўналишидаги бюрократик тўсиқларга барҳам берилади. Методик қўлланмалар, монографиялар, услубий қўлланмалар, илмий ишларга хулосалар беришни вазирлик томонидан тасдиқлаш тизими бекор қилиниб, барча ваколатлар эндиликда ОТМлар ва ихтисослаштирилган марказлар томонидан амалга оширилади”, дея таъкидлаган ҳукумат мулозими.
Амрилло Иноятов Ўзбекистон президентининг фармони билан 2022 йил 30 декабрь куни соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тасдиқланган эди. Янги вазирнинг тайинланиши “Док-1 Макс” сиропи туфайли ўнлаб болалар бевақт вафот этгани ортидан ССВ тизимига нисбатан жамоатчиликнинг норозилиги кучайган пайтга тўғри келмоқда.