Ўзбекистонда Республика махсус комиссияси қарори билан вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхона ва ташкилотларга кириб келаётган янги 2021 йил муносабати билан корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланди. Бу қадам “эпидемиологик вазиятнинг барқарорлигини сақлаб қолиш мақсадида” амалга оширилаётгани айтилган.
Республика махсус комиссияси давлат ташкилотларига байрам тадбирларидан тежаб қолинган маблағларни таълим, соғлиқни сақлаш, меҳрибонлик уйлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириш тавсия этган.
Айни пайтда қарорда корпоративларни ўтказишга чеклов ресторан ва кафеларда 30 кишидан ошмаган ҳамда карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда байрам тадбирларини ўтказишга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланган. Корпоратив тадбирлар ўтказиладиган ресторан, кафе, чойхона ва бошқа умумий овқатланиш шохобчаларида карантин чекловларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича масъул идораларга тегишли топшириқ берилган.
Қарор билан боғча, мактаб ва олий таълим муассасаларида тарбияланувчилар, ўқувчилар ва талабалар иштирокида ёпиқ биноларда турли байрам тадбирлари ва кечаларини ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган. Болалар учун ўтказиладиган “Президент арчаси” тадбири эса фақат меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари учун ўтказилиши белгиланган.
Шу билан бирга, фуқароларга янги йил байрамини оила даврасида ўтказиш тавсия этилган.