Янги йилнинг илк кунида Ўзбекистонда мингдан зиёд бола туғилди

Иллюстратив сурат

2025 йилнинг 1 январь куни Тошкент вақти билан соат 17:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда жами 1040 нафар чақалоқ дунёга келган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, туғилган чақалоқларнинг 492 нафари ўғил, 548 нафари қиз.

Энг кўп туғилиш Фарғона вилоятида (154 нафар) қайд этилган. Айни куни Қашқадарё вилоятида 119 нафар, Тошкент шаҳрида 112 нафар, Самарқанд вилоятида эса 101 нафар бола туғилган. Туғилиш бўйича энг паст кўрсаткич Навоий вилоятида — 18 нафар.

Чақалоқларнинг орасида еттитаси эгизак (олтитаси икки ҳомилали, биттаси уч ҳомилали).

Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиб бораётганига қарамай, туғилиш йилдан йилга қисқариб бораётганини кузатиш мумкин. Бу ҳолатни сўнгги йиллардаги Янги йил биринчи кунида туғилган чақалоқлар сонида ҳам кўриш мумкин. ССВ маълумотига кўра, 2020 йилнинг илк кунида 1111 нафар, 2021 йилда — 1086 нафар, 2022 йилда — 1448 нафар, 2023 йилда — 1312 нафар, 2024 йилда эса 1043 нафар чақалоқ дунёга келгани қайд этилган.