Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 ноябрь кунги мажлисида депутатлар ҳукумат аъзолигига номзодларни кўриб чиқди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 94-моддасига мувофиқ, президент тақдимига биноан Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколати ҳисобланади.
Қуйи палата матбуот хизмати ахборотига кўра, халқ вакиллари ҳукумат аъзолигига номзодларга маҳаллий инвесторларга хорижий инвесторлар билан баробар имтиёз бериш, камбағалликни қисқартириш, йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш, мактабларда таълим сифатини оширишга оид саволлар берган.
“Савол-жавоб, фикр-мулоҳазалардан сўнг ҳукумат аъзолигига номзодлар депутатлар томонидан маъқулланди”, дея маълум қилди Қонунчилик палатаси.
Маъқуллов ортидан президент Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини тайинлаш тўғрисида фармонни имзолаган.
Рўйхатдан англашилишича, ҳукумат таркибидаги ўзгариш бўлмаган, бош вазир ўринбосарларидан вазирларгача – барчаси ўз курсисини сақлаб қолган.
Ҳукумат аъзолари рўйхати:
Очилбой Раматов – бош вазир ўринбосари;
Жамшид Қўчқоров – бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири;
Жамшид Хўжаев – бош вазир ўринбосари;
Зулайҳо Маҳкамова – бош вазир ўринбосари, оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси;
Лазиз Қудратов – инвестициялар, саноат ва савдо вазири;
Ботир Зоҳидов – камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири;
Иброҳим Абдураҳмонов – қишлоқ хўжалиги вазири;
Шавкат Ҳамроев – сув хўжалиги вазири;
Шерзод Ҳидоятов – қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири;
Илҳом Маҳкамов – транспорт вазири;
Жўрабек Мирзамаҳмудов – энергетика вазири;
Бобур Исломов – тоғ-кон саноати ва геология вазири;
Шерзод Шерматов – рақамли технологиялар вазири;
Азиз Абдуҳакимов – экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири;
Асилбек Худоёров – соғлиқни сақлаш вазири;
Ҳилола Умарова – мактабгача ва мактаб таълими вазири;
Қўнғиротбой Шарипов – олий таълим, фан ва инновациялар вазири;
Адҳам Икромов – спорт вазири;
Озодбек Назарбеков – маданият вазири;
Акбар Тошқулов – адлия вазири;
Бахтиёр Саидов – ташқи ишлар вазири;
Абдулла Қўлдошев – фавқулодда вазиятлар вазири;
Пўлат Бобожонов – ички ишлар вазири;
Баҳодир Қурбонов – мудофаа вазири.
Қонунчиликка мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
Озодлик парламентнинг 20 ноябрдаги йиғинида Абдулла Арипов учинчи муддатга бош вазир этиб маъқуллангани ҳақида хабар берганди.
Жорий йил 27 октябрь куни ўтказилган парламент сайлови натижаларига кўра қонунчилик ва ижроия тузилмалари янги ваколат муддатида фаолиятга киришмоқда.