Янгиланишлардан баҳс этган Мирзиёев бош вазирликка яна Арипов номзодини кўрсатди

2016 йилдан буён Ўзбекистон ҳукуматига етакчилик қилиб келаётган Абдулла Арипов

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни парламентнинг қуйи палатаси йиғилишида ҳукумат раҳбари лавозимига Абдулла Арипов номзодини кўрсатган. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев йиғилишда “Янги Ўзбекистон янги парламенти билан бирга ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига қадам қўяётгани”ни таъкидлар экан, “бу янги даврда кечаги талаб ва мезонлар билан, эскича ишлаб бўлмаслиги”ни қайд этган.

Шу боис Ҳукумат ўз фаолиятини мутлақо янгича асосда ташкил этиши керак, бунинг учун унга кучли раҳбар, яъни Бош вазир зарур”, деган президент “бу масалани атрофлича ўйлаб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига Абдулла Нигматович Арипов номзодини кўрсатишга қарор қилгани”ни айтган.

Мирзиёев фикрича, “Абдулла Арипов катта ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган, ижро ҳокимияти тизимида бой билим ва тажриба орттирган, масъулиятни доимо чуқур ҳис этадиган раҳбар”дир.

Ҳукумат раҳбари лавозимига кўрсатилган Абдулла Арипов номзодини кўриб чиққан Қонунчилик палатаси депутатлари яширин овоз бериш йўли билан уни бош вазир лавозимига маъқулладилар.

Абдулла Арипов 2016 йилдан буён Ўзбекистон бош вазири лавозимини эгаллаб келади. У 2002 йил майидан 2009 йил октябригача Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг раҳбари бўлиб, 2009 йилдан 2012 йилгача эса бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Мулозим 2012 йили телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали ортидан ишдан олинган эди. Шундан сўнг у бир неча йил давомида Тошкент алоқа коллежида оддий ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг - 2016 йилнинг 13 сентябрида Абдулла Арипов аввал бош вазирининг ўринбосари, кейин эса бош вазир этиб тайинланганди.