Январь-апрель ойларида ноқонуний дарахт кесиш билан боғлиқ 2 мингдан зиёд ҳолат аниқланди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов куни кеча АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Мулозимга кўра, 1313 туп қимматли дарахт ноқонуний равишда кесилгани, 619 туп дарахт шикастлантирилгани юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 2 миллиард 514 миллион сўм маъмурий жарима белгиланиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 4 млрд 988 млн сўм миқдорида ҳисобланган.

“Шу даврда аниқланган жами ҳуқуқбузарликларнинг 113 та ҳолатида маҳаллий даражадаги мансабдор шахслар иштирокида содир этилган”, деган О.Ражабов.

Ўзбекистонда давлат ўрмон фонди таркибига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва бута турларини кесишга мораторий президентнинг февраль ойидаги фармони билан 2021 йил 31 декабригача узайтирилган.