Олмаота шаҳрининг Алатау туман суди 18 ёшли Сакен Талиповдан айбловни олиб ташлаб, уни афв қилиш тўғрисида қарор чиқарди, дея хабар қилди Озодликнинг қозоқ хизмати.
Қозоғистондаги январь воқеаларида иштирок этганликда айбланган ўзбекистонлик йигитга аввалроқ “оммавий тартибсизликлар” моддаси қўйилган. Июль ойида ойида Олмаота суди уни шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди. Эндиликда, маҳаллий қонунчиликка мувофиқ, Талиповдан пробацион назорат ҳам олиб ташланади.
Суд қарори 10 кундан кейин кучга киради. Сакен Талиповнинг онаси Қамшат Дербисалиева судланганлик Қозоғистон фуқаролигини олишда ўғли олдидаги тўсиққа айланганини, кечаги суд қарори эса Сакенга тез орада қозоқ паспортини олиш учун йўл очганини айтган.
Асли ўзбекистонлик С. Талипов Қозоғистонга ўтган йилнинг кузида кўчиб ўтган. У 4 январь куни Олмаотадаги тинч митингда иштирок этиб, йўл-йўлакай “полициянинг резина таёғи”ни кўтариб кетгани ортидан шу йил февраль ойида ҳибсга олинган эди. Ўша пайтда Ўзбекистоннинг Олмаотадаги бош консуллиги ўзбекистонлик фуқаронинг қўлга олиниши муносабати билан Қозоғистонга норозилик нотасини топширган.