Япония бош вазири Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади

Япония бош вазири Фумио Кисида (архив сурати)

Жорий ҳафта якунида Япония бош вазири Фумио Кисида расмий ташриф билан Ўзбекистонга келиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Япония бош вазирнинг Ўзбекистонга ташрифи Кисиданинг Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида режаланган. 9-12 август кунларига белгиланган турне давомида Фумио Кисида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Мўғулистонда бўлиши айтилган.

Шерзод Асадов қайдича, ҳафта давомида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлади, Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашувида ҳамда “Марказий Осиё + Япония” форматидаги саммитда иштирок этади.

“Озодлик” радиоси аввалроқ президент Мирзиёев 7-8 август кунлари Қозоғистонга давлат ташрифини амалга ошириши ҳақида хабар қилган. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Остонадаги олтинчи маслаҳат учрашуви эса 9 августга белгиланган.