Япония бош вазири Фумио Кисида япон ороллари ҳудудида кучли зилзила хавфи туфайли Ўзбекистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга сафарини бекор қилди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар қилди.
Кисидага кўра, яқин кунлар ичида ҳукуматнинг барча кучлари вазиятни мониторинг қилиш ва Нанкай ёриғидаги эҳтимолий зилзилага ҳозирлик кўришга йўналтирилади.
Япония бош вазири Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб сафарга чиқажаги ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. Мазкур сафар давомида Кисида Қозоғистондаги Марказий Осиё давлатлари раҳбари билан учрашувда иштирок этиши кутилаётганди.
Куни кеча оммавий ахборот воситалари Япониянинг Кюсю ороли ҳудудидаги зилзила ортидан Нанкай ёриғида кучли зилзила рўй бериш эҳтимоли вақтинча ортгани ҳақида хабар қилишган.
Сўнгги йилларда Япониядаги асосий орол ҳисобланмиш Хонсю оролининг марказий қисми соҳилидан жанубий-шарқда жойлашган Нанкай ёриғида зилзила содир бўлиши мумкинлиги япониялик сейсмологларда катта хавотир уйғотиб келади. У ерда ҳар 100-200 йилда бир қарийб 8 магнитудалик кучли ер силкинишлари содир бўлиб туради.