Японияда зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони кўпайди (ВИДЕО)

Япониядаги зилзила оқибатлари.

Японияда юз берган зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 64 кишига етди. Бу ҳақда Kyodo маҳаллий ҳукуматга таянган ҳолда хабар берди. Бундан аввал ўлганлар сони камида 30 киши экани айтилган эди.

1 январда мамлакатнинг марказий ва ғарбий соҳил бўйи вилоятларида 7,6 балли зилзила юз берган эди. Табиий офат оқибатида уйлар вайрон бўлган ва ўн минглаб хонадон электр таъминотидан узилиб қолган. Зилзила ёнғинларни ҳам келтириб чиқарган. Айрим шаҳарларда темир йўл қатнови тўхтаган, зилзила эпицентри – Ното яриморолида аэропорт ҳам ёпилган.

1 январдан то шу кунгача Япония бўйлаб турли кучланишдаги 155 та зилзила қайд этилган. Зилзила соҳил бўйларида цунамига ҳам сабаб бўлган. Метеорологлар ҳафта давомида яна кучли зилзилалар юз бериши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Сейсмик фаол минтақада жойлашган Японияда 2011 йилда ҳам кучли зилзила рўй бериб, тўфон ёпирилган эди. Ўшанда 20 минг киши ҳалок бўлган. Табиий офат оқибатида Фукусима АЭСида авария кузатилган.

Япония ядро объектлари бошқармаси бу гал зилзила ва цунами атом электр станцияларига зарар етказмаганини маълум қилган.