Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэ 8 июль куни эрталаб Нара шаҳридаги сайловолди чиқиши чоғида яраланган, сиёсатчи зудлик билан касалхонага олиб кетилган. Бу ҳақда Япониянинг NHK телеканали ва The Asahi Shimbun газетаси хабар қилди.
Хабарларга кўра, Абэга қарата камида икки марта ўқ узилган. Маҳаллий турғунлардан бўлган 40 ёшли ҳужумчи қўлга олинган. Nikkei нашрининг ёзишича, у сочма ўқ отадиган қурол билан Абэнинг орқасидан отган. Ҳужумчи бу ишни қандай мақсад билан амалга оширгани ҳозирча маълум эмас.
Ҳужум ортидан Абэ қонлар ичида ва ҳушсиз ҳолда касалхонага етказилган. Kyodo агентлиги сиёсатчининг “юраги тўхтаб қолгани ва ўпкаси ишламаётгани” тахмин қилинаётганини ёзган, бироқ ҳали ўлим ҳолати тасдиқланган эмас.
Полиция маълумотига кўра, собиқ бош вазир касалхонага вертолётда олиб кетилган.
2006-2007 йиллар ҳамда 2012-2020 йилларда Япония ҳукуматини бошқарган Абэ мамлакат тарихида бош вазир лавозимида энг узоқ вақт ишлаган мулозим бўлиб ҳисобланади. У 2020 йилда бош вазирликдан кетиши сабабини соғлиғи ёмонлашгани билан изоҳлаган эди.