Япониянинг янги бош вазири Сигэру Исиба мамлакат парламентининг қуйи палатасини тарқатиб юборди. Муддатидан илгари сайлов 27 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда, дея хабар қилди “Киодо Цусин” агентлиги.
Японияда палатани тарқатиб юбориш ҳукумат раҳбарининг конституциявий ҳуқуқи бўлиб ҳисобланади. Исиба бу ҳуқуқдан бош вазир лавозимига киришганидан саккиз кун ўтгач фойдаланди. Агентлик қайдича, Японияда Иккинчи жаҳон урушдан бери парламент ҳеч қачон бу қадар тез тарқатилган эмас.
Парламентдаги мухолифат партиялари лидерлари билан учрашувда Исиба ўз қарорини сайловчиларнинг бевосита баҳосини кўриш истаги билан изоҳлаган. Мухолифат уни ҳукмрон Либерал-демократик партия атрофидаги можародан одамлар эътиборини чалғитишга уринишда айблади. Маблағларнинг ўринсиз сарфлаб юборилиши билан боғлиқ мазкур можаро аввалги бош вазир Фумио Кисида истеъфосига сабаб бўлган эди.
Тарқатиб юборилган парламентда Либерал-демократик партия 465 ўриндан 256 тасини эгаллаганди. Яна 32 ўрин унинг ҳукмрон коалициядаги иттифоқчиси, ўнг марказчи Тоза сиёсат партиясига (“Комэйто”) тегишли бўлган.