Яқин ўтмишга қайтиб. Афғонистонда аёллар бошпаналари ёпилмоқда

Толибон иқтидорга келган август ойидан буён Афғонистонда кўплаб аёллар бошпаналари ёпиб қўйилди. Фаолларнинг айтишича, бошпаналар ёпилиши ушбу ўта консерватив ва патриархал мамлакатдаги маиший зўравонлик қурбонларини бирдан-бир нажот манбаидан маҳрум этади.

Қарийб 20 йил давомида аёллар бошпаналари маиший зўравонлик, жинсий таҳқир ва мажбурий никоҳдан ўзини қутқаришга уринган юзлаб афғон қизлари ва аёлларига паноҳ бўлди.

Бироқ ўтган ойда Афғонистонда ҳокимият толиблар томонидан босиб олинганидан сўнг мамлакат бўйлаб ўнлаб бошпаналар ёпилди, шу тариқа маиший зўрлик қурбонлари учун нажотга элтувчи ҳаётий муҳим йўл кесилди.

Толибон бошлиқ янги ҳукумат аёллар бошпаналарига оид ўз сиёсатини аниқлаштирганича йўқ. Бироқ толиблар аввалроқ аёллар бошпаналарини “исловотхоналар” деган таҳқирли сўз билан таърифлагани боис фаоллар жанговар исломчилар гуруҳи ушбу муассасалар фаолиятини тақиқлаб қўйишидан хавфсирамоқда.

15 августда Кобул забт этилганидан сўнг Толибон аёлларга нисбатан ўзлари 1996–2001 йиллардаги бошқарув даврида қўллаган ўша зулм сиёсатини татбиқ этмоқда.

Толибларнинг янги режими қизларнинг таълим олишини чеклашга, кўплаб аёлларни меҳнат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга улгурди, аёллар масалалари вазирлигини тугатди ва барча аёлларнинг юрагига даҳшат солувчи ахлоқ полициясини тиклади.

Шу йилнинг ёзида толиблар афғон шаҳарларини бирин-кетин ишғол этаётган пайтда аёллар бошпаналари жангарилар қаҳридан қўрқиб, ўз эшикларини ёпа бошлади. Кўп ҳолларда бошпаналар ходимлари конфиденциал ҳужжатларни ёқиб, ўзлари васийлик қилаётган аёллар билан бирга қочишга тушдилар.

“УЛАРНИНГ ХАВФСИЗЛИГИНИ ЎЙЛАБ”

Озодлик радиоси билан исми сир қолиши шарти билан сўзлаган Кобулдаги аёллар бошпаналаридан бирининг мудираси толиблар Кобулга кирган пайтда у муассасани очиқ қолдириш ва ўз ходималари ҳамда васийлигидаги аёлларни Толибон жангарилари тарафидан жазоланиш хавфи остига қўйиш ёки бошпанани ёпиш ва аёлларни ҳақорат ва қийноқлар кутаётган оилаларига қайтариб юборишдек мураккаб танлов қаршисида қолиб, жуда қийналганини айтади.

“Аёллар илтимосига кўра уларни ўз оилаларига топширдик. Улар билан ёмон муносабатда бўлмаслик тўғрисида ҳар бир оиладан ёзма ваъда олинди. Толибонга ишонмаймиз. Шу боис ҳам бошпанани ёпишга мажбур бўлдик”, дейди у.

Фаоллар ўз оилаларига қайтган қизлар ва аёллар “номус қотиллиги”, яъни гўёки оиласини иснодга қўйган, масалан, уйидан қочиб кетган аёлларни ибрат учун ўлдириш амалиёти қурбони бўлишидан қўрқадилар.

“Бошпанадан ўз оилаларига қайтишга мажбур бўлган аёллар кўпинча ўзлари қочган азобларга яна гирифтор бўлишади. Биз ана ўшаларнинг хавфсизлиги тўғрисида қайғуришимиз керак, зеро улар айни аёлларга нисбатан зўравонлик қилишга қўйилган барча чекловлар йўқ бўлган пайтда ўз ситамгарлари ёнига қайтиб боришди”, дейди “Human Rights Watch” халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти директорининг аёллар ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Ҳизер Барр.

Афғонистонда ҳозирда ёпилмаган бир неча бошпана қолган. Аммо улар янги жабрдийда аёлларни қабул қилишдан бош тортиб, ўз ҳимояларидаги аёлларнинг хавфсизлиги учун мумкин қадар эътиборни тортмасликка ҳаракат қилишмоқда.

Шундай муассасалардан бири Кобулдаги аёллар бошпанаси бўлиб, у ерда беш аёл истиқомат қилади, айримларининг гўдак болалари бор. Бу аёллар “номус қотиллиги” қурбони бўлишдан қўрқиб, уйларига қайта олмайдилар.

“Бу ердаги аёлларнинг борадиган жойлари йўқ. Шу боис ишлаб турибмиз. Мен уларнинг кўчада қаровсиз қолиб кетишига сира йўл қўймайман”, дейди Озодлик радиосига бошпана мудираси, исми сир сақланиши шарти билан.

Мудиранинг сўзларига кўра, Толибоннинг яроғли жангарилари бошпана идорасини бир неча маротаба тинтув қилганлар. Жангарилар муассасага қарашли транспорт воситалари ва мол-мулкни мусодара қилишган бўлса-да, ҳарқалай ҳеч кимга жисмоний зарар етказишмабди.

ЎЛИМ ТАҲДИДЛАРИ

Толиблар ҳали Афғонистонда ҳокимият тепасига келмасидан ушбу ўта консерватив ва патриархал мамлакатда аёллар бошпаналари қаттиқ танқидларга нишон бўлган эди.

Бу ерда маиший зўравонлик оддий ҳол, мажбурлаб эрга бериш эса нормага айланган. Шу боис ҳам, 2001 йилда АҚШ ва иттифоқчилари қўшинлари мамлакатни эгаллаб олганидан сўнг аёллар ҳуқуқлари соҳасида бирмунча ютуқларга эришилган бўлишига қарамай, Афғонистон аёллар орасидаги суицидлар сонига кўра дунё бўйича энг юқори ўринлардан бирида турибди.

Илгари дин пешволари бошпаналарни давлат назоратига олишга уринишган. Аксари муассасалар мустақил бўлиб, хусусий донорлар, халқаро ташкилотлар ва чет мамлакатлар ҳукуматлари томонидан молияланарди.

Толиблар иқтидорга келишига қадар Афғонистонда фаолият кўрсатган аёллар бошпаналарининг аниқ сони маълум эмас. Фаолларга кўра, мамлакатнинг 34 вилоятидан тахминан ярмида камида 30 та бошпана бўлган экан.

Кўп бошпаналар 2001 йилдан кейин очилган ва толиблар тарафидан деярли ҳар куни ўлдириш билан таҳдид солинганига қарамай ўз ишида давом этган.

Айрим бошпаналар, айниқса, Кобулдан четдаги муассасалар тўлиқ “офлайн” режимида ишлаб, ўзидан бирор рақамли из қолдирмаган ва фақат шартли исмлардан фойдаланган.

Бугунги кунда кўплаб бошпаналар ўз ишини тўхтатди, аммо кейинчалик улар қайта очилиши мумкин, – дейди Афғонистонда фаолият юритаётган хорижий ноҳукумат ташкилотлардан бири ходимаси.

Келаси сафар улар “ҳукуматнинг эътиборини тортиши мумкин бўлган ташқи иштирок мумкин қадар камроқ бўлишини хоҳлайди”, деган у исмини ошкор қилмаслик шарти билан Озодлик радиосига.

“АХЛОҚ МИРШАБЛАРИ” ҚАЙТДИ

Афғонистонда ўз ҳокимиятини ўрнатганидан сўнг Толибон афғонларни ва халқаро ҳамжамиятни ўзгарганига ишонтириш учун бирмунча мўътадил режим имижини яратишга тиришди.

Толибларнинг 1990-йиллардаги репрессив режими даврида аёллар бошларидан товонларига қадар ўраниб юришга, уйдан ташқарида ишламасликка, кўчага фақат қариндош маҳрам эркак ҳамроҳлигида чиқишга мажбур эдилар. Ўқувчи қизлар эса ўсмир ёшига етмасидан мактаблардан чиқариб олинарди.

Кобулни босиб олишганидан сўнг толиблар биринчи матбуот анжуманида ўзларининг фундаментал талқинидаги ислом шариати доирасида аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваъда беришди.

Бироқ ўтган йиллар давомида жангариларнинг қарашлари ўзгаргани белгилари сезилмади. Уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳануз дастлаб берган ваъдаларига уйғун эмас.

Толибон тузган янги ҳукумат таркибида битта ҳам аёл йўқ. Боз устига, бу ҳукуматда аёлларга нисбатан қаттиққўл бўлишни шарт деб билувчи ветеранлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳатто иккинчи даражали ҳукумат лавозимларига ҳам фақат эркаклар тайинланмоқда. Жангарилар аёлларнинг Толибон раҳбарлигидаги янги ҳукуматда ишлашга ярамаслигини айтишди.

Радикал ҳаракат етакчилари аёллар ишлари вазирлигини тугатиб, Фазилатларни тарғиб қилиш ва нуқсонларга қарши курашиш вазирлигини – амалда “ахлоқ полицияси”ни тиклашди.

1990-йилларда ушбу вазирлик Толибоннинг ахлоқ ва маънавиятга оид қонунлари, жумладан, дресс-код ва эркакларнинг жинс сифатида устунлигига асосланган қоидаларга риоя этилишини назорат қиларди. Вазирликнинг шафқатсиз миршаблари бу қонун-қоидаларга амал қилмаганларни, айниқса, аёлларни барчанинг кўз ўнгида калтаклаши билан ном чиқарган эди.

Толибон ҳозирча аёлларга, уларнинг хавфсизлиги учун мумкин қадар уйда қолишни маслаҳат бермоқда. Жангарилар, шунингдек, собиқ давлат идораларининг ўн минглаб ходималарига иш жойларига қайтмасликни амр қилишган.

19 сентябрь куни Кобул ҳокими вазифасини бажарувчи мулозим шаҳар маъмуриятида ишловчи аёлларга уйда қолишни буюриб, вазифасини эркаклар бажара олмайдиган аёлларгина ишга чиқиши мумкинлигини айтди.

Афғон қизларининг ўрта мактабларга қайтиши тақиқланди. Толибон ҳукумати фақат ўғил болалар ҳамда муаллимларгагина мактабга келишга рухсат берган.

Университет ва коллежларда янги дресс-код ва гендер сегрегацияси жорий этилди. Фаоллар буни “қатағонларнинг яққол далили” деб атамоқдалар.

Жангарилар меҳнат қилиш ва таълим олиш ҳуқуқларини талаб қилиб намойишга чиққан аёлларга нисбатан куч ишлатишдан ҳам тортинишгани йўқ.

Мақолани тайёрлашда Озодликнинг афғон хизмати мухбирлари иштирок этишган бўлиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан уларнинг исмлари эълон қилинмади.