Ярим яланғоч ҳолда сумалак пиширган аёллар “майда безорилик”да айбланиши мумкин

Видеодан скриншот

Урганч шаҳар ИИБ “Сахара” кафеси олдида ярим яланғоч ҳолда сумалак пиширган хотин-қизлар видеоси юзасидан терговга қадар суриштирув бошлади.

21 март куни ижтимоий тармоқларда саккиз нафар аёлнинг сумалакни ярим яланғоч ҳолда пишираётгани акс этган видео тарқалди.

Озодлик видеодаги ярим яланғоч аёлларнинг “Сахара” клуби раққосалари эканини аниқлади.

22 март куни видеодаги аёлларнинг барчаси ИИБга сўроққа чақиртирилди. Уларнинг кечирим сўрагани акс этган видео ҳам тармоқларда пайдо бўлди.

Шу куни дам олиш бўлишига қарамай Урганч шаҳар ҳокимлигида махсус йиғилиш ўтказилиб, ушбу видеодаги ҳолат муҳокама қилинди.

Суриштирув натижалари 23 март куни ўтказиладиган брифингда маълум қилиниши режаланган.

Озодликка йўлланган 25 секундлик видеода саккиз нафар аёлнинг сумалак пишираётгани акс этган. Видеодаги аёлларнинг бештаси ярим яланғоч ҳолда бўлиб, уларнинг фақат ич кийимлари бор холос.

Селфи тарзида ярим яланғоч аёлларнинг бири томонидан олинган видеода икки аёл сумалак ковлаётгани акс этган. Катта қозонни ўраб турган ялтир-юлтур ич кийимдаги аёллар эса бирин-кейин Наврўз тилаги билдиришади.

“Сумалак билан, Наврўз айёми билан ҳаммамизни табриклайман. Ҳамма, ҳаммани... ҳаммамизни.. (аёллар жўр бўлишади). Сумалак ейишга ҳаммани етказсин, келинглар сумалак ейишга”, дейди ярим яланғоч аёллардан бири.

Озодлик ўтказган суриштирувга кўра, видеодаги тасвирлар 20 март куни Урганч шаҳридаги “Сахара” тунги клубида тасвирга олинган. Бир кун ўтиб, ижтимоий тармоқларда тарқалган.

21-22 март кунлари ушбу видео тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Тармоқлардаги турли гуруҳларда видеодаги ҳолат икки кун давомида кескин танқид қилинди. Айрим постларда видеодаги қизларга ўлим таҳдидлари ҳам янгради.

Қаршилик фаол Гулшан Қораева аёлларнинг ярим яланғоч ҳолда сумалак пишираётганини кескин қоралади ва ушбу видео бўйича президент Мирзиёевга Facebook орқали мурожаат қилиб, “Бизга бунақа демократия керак эмас! Беринг назоратни ДХХга!”, дея сўради.

Тармоқларда кам сонли фойдаланувчилар “қандай кийиниш ҳар бир шахснинг ўзи иши” эканини айтиб, ярим яланғоч қизларни ҳимоя қилишди.

22 март куни тушга яқин Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси ушбу видеолавҳа “Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқид қилингани”ни урғулаб, видеодаги ҳолат бўйича суриштирув бошланганини маълум қилди.

Урганч шаҳар ИИБсидан олинган маълумотга кўра, 22 март куни видеодаги ярим яланғоч қизлар бўлимга чақиртирилиб, сўроқ қилинган.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб шахси очиқланмаётган ИИБ ходимига кўра, мазкур видеода ярим яланғоч қизлар “Сахара” тунги клуби қизлари бўлиб, улар сумалак қозони ёнида раққосалик либосида бўлишган:

“Сумалак бошқа аёллар томонидан пиширилган. Клубда қизлар рақслари орасида танаффус бўлган пайти сумалак қозони ёнига чиқиб, сумалак ковлаб, селфига тушишган. Шу видео кейин кимдир томонидан тармоқларга чиқариб юборилган”.

ИИБ ходими раққоса аёлларга нисбатан терговга қадар суриштирув олиб борилаётганини таъкидлади.

22 март дам олиш куни бўлишига қарамай, Урганч шаҳар ҳокимлигида махсус йиғилиш ўтказилиб, мазкур видеодаги ҳолат муҳокама қилинган.

Йиғилишга мутасаддилардан ташқари шаҳардаги кафе ва ресторанлар раҳбарлари ҳам чақирилиб, улардан бу каби видеолар бошқа чиқмаслиги сўралган.

23 март куни “Сахара” клуби раққосаларининг видеоси бўйича матбуот учун махсус брифинг ўтказиш режаланган.

P.S. Мақола чоп қилиниши арафасида Хоразм ИИБсидан олинган маълумотга кўра, “Сахара” клуби раққосаларига нисбатан Маъмурий-жавобгарлик кодексининг 183-моддаси яъни “Майда безорилик” бўйича иш очилиши мумкин. Ушбу моддага кўра, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик майда безориликка киради. Бунинг учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробаригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ кўзда тутилган.