Жорий йилнинг 25 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди 66 ёшли мусиқа ўқитувчиси А. С.ни жинсий тажовузда айбдор деб топиб, уни 8 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Телеграм-канали маълумот тарқатди.
Хабарномага мувофиқ, нафақахўр ўқитувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.
Унинг мусиқадан сабоқ бериш асносида 12 яшар қизга икки йил мобайнида тегажоғлик қилиб келгани, ҳатто ўтган йилнинг май ойида зўрламоқчи бўлгани айтилмоқда.
Тошкентлик мусиқа ўқитувчиси Александр Султанов 12 яшар ўқувчисини зўрлашга урингани ҳақида ўтган йил август ойида Nemolchi.uz лойиҳаси маълумот тарқатган эди. Мазкур хабар ортидан унинг бошқа бир ўқувчиси Nemolchi.uz билан боғланиб, мусиқа ўқитувчиси унга нисбатан ҳам жинсий зўравонликни амалга оширганини айтиб берган.