Европа Иттифоқи давлатлари лидерлари 24 май оқшомида Беларусга қарши санкциялар пакетини қабул қилиш ҳақида ўзаро келишувга эришишди. Келишувга кўра, Беларусь авиациясига ЕИга кирувчи 27 давлатнинг барчаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш тақиқланади. ЕИ кенгаши ўз расмий баёнотида Иттифоқнинг барча авиаширкатларини Беларусь ҳудуди устидан учиб ўтишдан қочишга чақирган.
Европалик лидерларнинг Лукашенко режимига қарши санкциялар қабул қилишга оид принципиал келишувини иттифоқчиларнинг ўтган якшанба куни Грециядан Литвага учиб кетаётган йўловчи учоғини Минскка мажбурий қўндирилишига нисбатан жавоб чораси, деб билиш мумкин. Учоқ Минск аэропортига қўндирилганидан кейин беларуслик расмийлар Лукашенко режимини танқид қилиб, унинг репрессив хатти-ҳаракатларига қарши тинч намойишларда очиқ иштирок этиб келган журналист ва блогер Роман Протасевични қўлга олишган. Ҳибс этилган Протасевич Минскдаги тергов изоляторига етказилган.
ЕИ кенгаши баёнотидан Роман Протасевич ва София Сапегани зудлик билан озод қилиш талаби ҳам ўрин олган. Ҳужжатда айтилишича, уларнинг ҳаракат эркинлиги кафолатланиши лозим.
Айни пайтда Брюссель Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотини (ICAO) “бу мисли кўрилмаган ва номақбул ҳодиса” устидан зудлик билан суриштирув ўтказишга чақирган.