Европа Иттифоқи кенгаши мухолифатчи Владимир Кара-Мурзанинг жиноий таъқиб қилиниши ва ҳуқуқлари бузилишига алоқадор тўққиз нафар россияликка қарши санкция жорий этди.
Санкция рўйхатига тушганлар орасида Россия Адлия вазирининг ўринбосари Олег Свириденко, терговчилар Денис Колесников ва Андрей Задачин, “Независимый эксперт” автоном нотижорат ташкилоти директори Данила Михеев кабилар бор.
Шунингдек, мазкур рўйхатга Хамовнический туман суди судьяси Диана Мишченко, Басманний суди судьяси Елена Ленская, Москва шаҳар суди судьялари Илья Козлов ва Сергей Подопригоров ҳамда 5-сонли тергов ҳибсхонаси бошлиғи Дмитрий Комнов киритилган.
Рўйхатга кирган шахсларнинг мол-мулки музлатилиши айтилган, шу билан бирга, уларнинг Европа Иттифоқи мамлакатларига кириши тақиқланган.
“Санкцияларга оид бугунги қарор Европа Иттифоқи суд таъқибига, қамоқ жазосига учраган ёки инсон ҳуқуқлари учун курашаётгани ва ҳақиқатни гапираётгани учун қўрқитилаётган кишиларнинг барчаси билан бирдам бўлишдаги қатъиятини яна бир бор намойиш қилади”, дея билдирган ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Жозеп Боррель.
Жорий йилнинг 17 апрелида Москва шаҳар суди россиялик мухолифатчи Владимир Кара-Мурзани 25 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. У давлатга хиёнат, Россия армияси ҳақида фейк тарқатганлик ва “исталмаган ташкилот” билан ҳамкорлик қилганликда айбланган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва ғарб мамлакатлари вакиллари Владимир Кара-Мурзанинг жиноий таъқиб қилинишига унинг сиёсий қарашлари ва фаолияти сабаб бўлган, деган фикрдалар.
Владимир Кара-Мурза Борис Немцов жамғармаси кенгашининг раиси, Халқ озодлиги партияси раисининг ўринбосари ва “Солидарность” демократик ҳаракати бюросининг аъзоси эди. У “Очиқ Россия” жамғармасини бошқарган, Россия ва хориждаги кўплаб ОАВ билан ҳамкорлик қилиб келган.
Мухолифатчи АҚШда “Магнитский акти” қабул қилиниши тарафдорларидан бири бўлган. Мазкур ҳужжат инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши учун масъул бўлган россиялик мулозимларнинг Қўшма Штатларга киришини тақиқлаш ва уларнинг АҚШдаги активларини музлатишни кўзда тутади.