Жорий йилнинг 2 март куни Европа Иттифоқи россиялик тўрт нафар мулозимга қарши санкция жорий қилди. Санкциялар мухолифатчи Алексей Навальнийнинг қамоққа йўлланиши ва унга қарши тазйиқлар уюштирилиши муносабати билан киритилган. Ўша куни АҚШ ҳам Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ равишда Россияга қарши санкция киритганлигини эълон қилди.
ЕИнинг янги санкциялари ҳақида маълумот иттифоқнинг расмий сайтида эълон қилинган. Bild ва Focus журналлари санкция рўйхатига киритилган Россия расмийлари Федерал жазони ижро этиш хизмати директори Александр Калашников, Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, бош прокурор Игорь Краснов ва Миллий гвардия директори Виктор Золотов эканлиги ҳақида хабар берди.
Уларга ЕИ мамлакатларига кириш тақиқланади, ЕИ ҳудудидаги мол-мулки музлатилади.
Президент Жо Байден маъмурияти вакилларининг журналистларга маълум қилишларича, АҚШ санкциялари россиялик мулозимлар ва ширкатларга нисбатан жорий этилган. Америкалик мулозимлар мухолифатчининг заҳарланишига Россия ҳукуматининг алоқаси бор, деган фикрда. Брифингда қайд этилишича, Байден маъмурияти Россия билан алоқаларни яхшилашга ёки ёмонлаштиришга интилмайди. Шунчаки “Россия чегарадан чиққанида” АҚШ ва ҳамкорлари томонидан унга нисбатан жазо чоралари қўлланилади. Жумладан, маъмурият тез кунларда Россияга қарши янги санкциялар жорий этишни режалаштирмоқда, дея хабар қилди Bloomberg агентлиги.
Мухолифатчи Навальний заҳарлангани ортидан муолажа олган Германиядан шу йил 17 январида Москвага қайтиб келиши биланоқ қўлга олинганди. 2 февраль куни суд “Ив Роше” иши бўйича мухолифатчига нисбатан чиқарилган шартли жазони ҳақиқий қамоқ жазосига алмаштирган. Ўтган ҳафта у Москвадаги тергов ҳибсхонасидан колонияга этап қилинган.