Европа Иттифоқи санкцияларнинг еттинчи пакети доирасида Россия гази учун чеклов жорий қилишни режаламаяпти. Бу ҳақда Reuters агентлигига Чехия бош вазири Петр Фиала маълум қилган.
Унга кўра, газга санкция жорий этиш бўйича қисқа муддат ичида ЕИдаги барча мамлакатларнинг розилигини олишга эриша олинмаган.
“Энергияни санкцияга киритиш муаммоли масала, чунки санкциялар уни киритувчи мамлакатлардан кўра Россияга кўпроқ таъсир қилиши лозим, деган таомил бор”, дея изоҳ берган Фиала қатор мамлакатлар Россия газига қарам эканини қўшимча қилди.
Евроиттифоқнинг Россияга қарши санкцияларининг олтинчи пакети июнь ойи бошидан кучга кирган. Унда, жумладан, Россия нефтини денгиз йўли орқали импорт қилишга босқичма-босқич тақиқ жорий этиш кўзда тутилган.