ЕИ Россия маблағидан тушган 1,5 млрд евро даромадни Украинага ўтказиб берди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен

Европа Иттифоқи 26 июль куни ЕИда музлатилган Россия активларидан тушган даромадни биринчи марта Украинанинг мудофаа эҳтиёжлари учун ўтказиб берган. Гап бир ярим миллиард евро ҳақида бормоқда.

Маблағ ўтказиб берилгани ҳақида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. У пуллар Украина мудофааси ва қайта қурилишига йўналтирилишини қайд этди.

Мулозимага кўра, Кремль пулларини Украина ва Европани яшаш учун янада хавфсизроқ жойга айлантиришга ишлатишдан кўра яхшироқ сарф йўқ.

ЕИ мамлакатлари шу йилнинг май ойида Бельгияда музлатилган Россия маблағларидан фойдаланиш схемаси юзасидан келишувга эришишган. Маблағнинг тақрибан 90 фоизи Украина учун қурол-аслаҳа сотиб олишга, қарийб 10 фоизи эса урушдан кейинги қайта қуриш ишларига йўналтирилади. Венгрия маблағнинг 100 фоизи қурол-аслаҳага сарфланишига рози бўлмаган, чунки бу мамлакат бу каби амалиётни молиялаштиришдан қатъиян бош тортмоқда. Шунинг учун ҳам муросавий схема ишлаб чиқилган.

Россия маблағларининг ўзи эса аввалгидек музлатилганича турибди, уларнинг мусодара этилиши ҳақида ЕИ мамлакатлари ўртасида ҳалигача келишув йўқ. Украина эҳтиёжи учун бу маблағлардан олинган даромадларгина йўлланмоқда, бу ерда гап йилига бир неча миллиард доллар ҳақида боряпти. Россия расмийлари ЕИ мамлакатлари бу даромадларни бошқаришга ҳақли эмас, деб ҳисоблашади ва жавоб чораларини кўришни ваъда қилишмоқда.