Европа Иттифоқи мамлакатлари Москва томонидан яқинда аннексия қилиб олинган Украинанинг Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари ҳамда Жанубий Осетияда берилган Россия хорижий паспортларини тан олмайди. Бу ҳақда Европа кенгаши матбуот хизмати маълум қилди.
Бунақа паспортли россияликлар ҳатто Шенген визаси ёки миллий визаларга эга бўлган тақдирларида ҳам ЕИ мамлакатларига киролмайди. Бундай паспортларга ҳатто янги визалар ҳам ёпиштирилмайди.
Чехия ички ишлар вазири Вит Ракушан бу қарор Россиянинг Украинага ҳарбий тажовузи ва бу мамлакат ҳудудининг бир қисмини аннексия қилиб олганига жавобан олинганини билдирди.
“Биз Украина ва Грузиянинг мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик борасидаги тамал ҳуқуқлари бузилишини ҳеч қачон тан олмаймиз”, деган Ракушан.
Чехия бу йил Европа Иттифоқида раислик қилмоқда.