Европа Иттифоқида Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан кириталажак санкцияларнинг янги пакети муҳокама қилинмоқда. Бунга оид чора-тадбирлар юзасидан, Politico нашрининг дипломатлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, шу ҳафтанинг ўзида келишувга эришилиши мумкин.
Нашр қайдича, муҳокама қилинаётган чоралар ичида Россия иқтисодиётининг технологиялар, молия ва медиа секторларига оид янги чекловлар киритилиши каби масалалар бор. Тўққизинчи пакет ўз ичига 180 та санкция бандини олиши мумкин.
Келишувга шу йилнинг 12 декабрида ўтказилиши режаланган ЕИ ташқи ишлар бўйича кенгаши мажлисигача эришилиши кутилмоқда.
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдан шу кунгача Европа Иттифоқи Москвага қарши санкцияларнинг саккизта пакетини қабул қилган.