Европа Иттифоқи ўз расмий сайтида ЕИнинг янги санкциялари остига тушган россиялик жисмоний ва юридик шахслар рўйхатини ёйинлади.
Рўйхатга Россиянинг 57 нафар фуқароси ва тузилмалари киритилган бўлиб, улар орасида Давлат думасига Чеченистондан депутат этиб сайланган Адам Делимханов, Москва мэри Сергей Собянин, актёрлар Сергей Безруков ва Владимир Машков, “Тун қашқирлари” байк-клуби ва унинг “Хирург” лақабли лидери Александр Залдостанов, Кемерово вилояти губернатори Сергей Цивилёв, Россия президенти ҳузуридаги бола ҳуқуқлари бўйича вакила Мария Львова-Белова, “Юнармия”, Сбербанк ва бошқалар бор.
Аввал хабар қилинганидек, Европа кенгаши Россиядан олтин импорт қилишга тақиқ жорий этиб, мудофаа саноатида ишлатилиши мумкин бўлган товарларнинг санкция рўйхатини кенгайтирган.
Айни пайтда ЕИ жаҳон бозорига озиқ-овқат ва ўғит етказиб бериш ҳамда учинчи мамлакатларга нефть транспортировка қилишга алоқадор давлат ширкатлари операцияларини санкция остидан чиқарган. Бу қарор озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги билан боғлиқлиги айтилган.