Европа Иттифоқи Россияга Европадаги сиёсий партиялар, ноҳукумат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини молиялаштиришни тақиқлашни режаламоқда.
EUobserver нашри хабарига кўра, бу каби чекловлар санкцияларнинг 14-пакетида кўзда тутилган. Мазкур пакет 2024 йилнинг июль ойигача қабул қилиниши кутилмоқда.
Россия молиясига тақиқ қўйилиши Европа Иттифоқининг ички ишларини “бадният аралашувлар”дан ҳимоя қилиш имконини беради, дейилган нашр тасарруфидаги ҳужжатда. Айни пайтда мамлакатлар бу борада истисноларга йўл қўйишлари мумкин, бироқ бу ҳақда Еврокомиссияни огоҳлантиришлари лозим.
EUobserver томонидан келтирилган АҚШ разведкаси маълумотларига мувофиқ, 2014 йилдан 2022 йилгача 24 та мамлакатда сиёсий партияларни молиялаштириш учун 280 миллион еврога яқин маблағ сарфлаган.
ЕИнинг янги санкция пакети Европа Иттифоқи портларига Россия суюлтирилган гази юкланган ва учинчи мамлакатларга кетаётган кемаларни қабул қилишни тақиқлайди ҳамда Украинадан ўғирланган санъат асарлари савдосига ҳам тўсиқ қўяди. Бундан ташқари, пакет Россия авиацияси ҳамда фойдали қазилмалар импортига қарши мавжуд чекловларни кучайтириб, санкция остидаги товарлар савдоси билан гумонланган ширкатлар рўйхатини кенгайтиради.
Европа Иттифоқи Россия билан товар айирбошлаш ва Россия сиёсий элитаси фаолиятини чекловчи санкциялар пакетини Москва томонидан Украинага қарши 2022 йил февралида бошланган кенг кўламли босқинга жавобан қабул қилиб келмоқда.