Европа Иттифоқига кирувчи мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари 2012 йилда Сурияга қарши киритилган санкцияларни юмшатиш режаси бўйича ўзаро келишувга эришишган.
“ЕИ ташқи ишлар вазирлари ҳозиргина Сурияга нисбатан Европа Иттифоқи санкцияларини юмшатиш бўйича йўл харитасини мувофиқлаштиришди”, деб ёзган ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Кая Каллас X ижтимоий тармоғида.
Калласга кўра, агар Суриянинг янги ҳокимияти “нотўғри қадамлар” қўядиган бўлса, қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Аввалроқ ОАВ мазкур режа Syrian Arab Airlines дохил авиаширкатларга нисбатан чекловларни бекор қилиш ва нефть-газ технологиялари экспортга тақиқни қайта кўриб чиқишни кўзда тутиши ҳақида хабар қилишган.
Сурияда ҳокимият алмашгани муносабати билан чекловларни қисман бекор қилиш ғояси Германия, Франция, Испания, Ҳолландия, Дания ва Финляндия каби мамлакатлар томонидан дастакланган. Санкцияларни бекор қилиш қарори мамлакатда ҳокимият алмашгани билан боғлиқ, бироқ собиқ президент Башар Асад ва унинг тарафдорларига нисбатан санкциялар сақлаб қолинади. Сурияда феълан ҳокимият тепасига келгани айтилаётган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳини террор ташкилотлари рўйхатидан чиқариш масаласи БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳал бўлади.
ЕИ 2012 йилда Сурияга қарши иқтисодий санкциялар жорий этган бўлиб, улар асосан ҳукумат ва ҳарбий тузилмаларга қарши қаратилган эди. Улар нефть эмбаргоси, инвестицияларга чекловлар, Сурия Марказий банкининг Европадаги активларини музлатиш ҳамда қатағон учун ишлатилиши мумкин бўлган жиҳоз ва технологиялар экспортига тақиқ кабиларни ўз ичига олганди.