ЕИ Украинага 35 млрд евролик кредит ажратади

Европа Иттифоқи элчилари Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромаддан Украина учун 35 миллиард евро миқдорида кредит ажратиш бўйича келишувга эришишган. Буҳақда “Озод Европа/Озодлик радиоси”нинг Европа масалалари бўйича муҳаррири Рикард Йозвяк X ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Молиявий ёрдам Россиянинг Украинага нисбатан авж олган ҳужумлари туфайли ошиб кетган Украинанинг кечиктириб бўлмас молиявий эҳтиёжларини зудлик билан қондиришга йўналтирилган”, дейилган ЕИ кенгаши хабарномасида.

Йозвякка кўра, Венгрия қарши чиқаётгани туфайли Россия активларига нисбатан санкциялар муддатини узайтириш масаласи ҳали ҳам ҳал бўлгани йўқ.

Аввалроқ Венгрия молия вазири Михай Варга Будапешт Россиянинг музлатилган активларига қарши ЕИ санкцияларига киритилаётган ўзгартишларни дастакламаслигини билдирган. Бу чора Украинага кредит бериш имкониятини яратган бўларди. Варганинг айтишича, Будапешт бу қарорнинг жорий йил 5 ноябрида АҚШда бўлиб ўтадиган президент сайловигача кечиктирилишини истаяпти.

“Катта еттилик” мажбуриятлари доирасида Украинага 35 миллиард евро миқдорида кредит ажратиш қарорига келинганини жорий йилнинг 20 сентябрида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен эълон қилган эди. Украина президенти Владимир Зеленский Урсула фон дер Ляйен билан Киевда ўтказилган брифингда бу маблағларни энергетика соҳасига, бомбапаноҳларга ҳамда қисман қуролланиш ва ҳаводан мудофаа воситаларига йўналтириш режаланаётганини айтганди.