Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Россиядаги оммавий ҳибсга олишлар ҳамда норозиларга қарши номутаносиб равишда куч қўлланилганини қоралаб чиқди. У Россия расмийларини яна бир марта инсон ҳақлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ўз зиммаларига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирди.
“Франция халқаро радиоси” (RFI) хабарига кўра, Боррель 4 февралдан 6 февралгача Россияда бўлиб, ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади.
Россияда 31 январь куни бўлиб ўтган намойишларда полиция ва Росгвардия мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаган ва сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини талаб қилган минглаб одамни қўлга олган. “ОВД-Инфо” инсон ҳақларини ҳимоя қилиш портали якшанба оқшомида норозилик акциялари чоғида 5 мингдан зиёд одам тутиб кетилганини маълум қилди. Қўлга олинганлар орасида 100 чоғли журналист ва ОАВ ходими ҳам бор.
RFI хабарида Европа Иттифоқи аввал бир неча бор Россиядан Алексей Навальнийнинг “Новичок” гуруҳига кирувчи тақиқланган модда билан заҳарланиши бўйича суриштирув ўтказишни талаб қилгани, бироқ бу талаб Москва томонидан эътиборсиз қолдирилганини айтилган. Европалик сиёсатчилар 17 январь куни Германиядан Россияга қайтиши ортидан ҳибсга олинган мухолифатчини озод қилиш зарурлигини таъкидламоқдалар.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам 31 январь куни худди шундай талаб билан чиқди.
“АҚШ қаторасига икки ҳафтадан бери россиялик расмийлар томонидан тинч намойишчилар ва журналистларга қарши қўлланилаётган аёвсиз тактикани қоралайди”, дея билдирган Блинкен Россия расмийларини Алексей Навальний ҳамда инсон ҳақларига риоя этишни талаб қилаётганлари учун қўлга олинганларни озод қилишга чақирган.