Европа Иттифоқига аъзо давлатлар россиялик ёлланма аскарларга қарши қўллаш учун санкциялар рўйхатини тайёрлашга қарор қилишди. Гап Ғарбий Африкада жойлаштирилиши мумкин бўлган ҳарбийлашган тузилмалар ҳақида бормоқда, деган Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан.
Reuters хабарига мувофиқ, куз бошларида Мали ҳарбий хунтаси Россиянинг “Вагнер гуруҳи” хусусий ҳарбий ширкати аскарларини дислокация қилиш бўйича Россия томони билан музокара олиб бораётгани ҳақида маълумот пайдо бўлган эди. Франция ҳукумати минтақада француз қўшинлари мавжудлигини айтиб, бу қарорни номақбул деб топган.
Африка ғарбидаги можароларда ёлланма аскарлардан фойдаланиш масаласи 15 ноябрь куни Брюсселда ЕИ ташқи ишлар вазирларининг Малидаги вазиятга бағишланган учрашувида муҳокама қилинган.
Ле Дрианнинг айтишича, санкциялар “Вагнер гуруҳи” билан ҳамкорлик қиладиган ширкатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Француз расмийлари Мали хунтаси ўтиш давридан кейин ҳам ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиш мақсадида ёлланма аскарларни жалб этмоқчи эканлигини таъкидлашмоқда. Малида парламент ва президент сайловлари 2022 йилнинг 27 февралига белгиланган.
“Вагнер гуруҳи” хусусий ҳарбий ширкати Кремль манфаатлари учун чет мамлакатларда қўлланилишига оид ишончли маълумотлар бор. Ширкат ёлланма аскарлари Украинада, Сурияда ва Ливияда россияпараст кучлар тарафида урушган. Россия расмийлари ёлланма ҳарбийлар хатти-ҳаракатига дахлдорлигини рад этиб келишади.