ЕИдаги тўрт давлат Грузия учун визасиз тартибни бекор қилмоқчи

"Хорижий агентлар" тўғрисидаги қонунга қарши норозилик билдираётган талабалар Тбилисидаги Европа майдонида, 2024 йил май ойи

Европа Иттифоқига кирган тўрт давлат — Эстония, Ҳолландия, Чехия ва Швеция, Грузия расмийлари “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунни қабул қилишган тақдирда, грузиялик фуқаролар учун визасиз тартибни бекор қилишни таклиф этишмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Европа мамлакатлари “Грузия ҳукуматига босим ўтказишнинг турли чоралари”ни кўриб чиқишяпти, дейишган мавзудан бохабар мулозимлар.

Бунга оид бошқа чоралар орасида манзилли санкциялар ва Европа Иттифоқи фондларида ажратилган маблағларни музлатиш кабилар бор. Ғоя ташаббускорлари уларни ЕИ ташқи ишлар вазирларининг кейинги ҳафтада бўлиб ўтадиган учрашувида муҳокама қилишмоқчи.

Қарор қабул қилиниши учун ЕИга аъзо 27 мамлакатнинг розилиги керак бўлади. Бироқ, Financial Times маълумотларига кўра, камида битта мамлакат — Венгрия Грузия ҳукуматини дастаклаяпти ва ҳатто ЕИдаги барча мамлакатларга шунга ўхшаш қонун қабул қилишни таклиф қилмоқда.

Аввалроқ Еврокомиссия Грузия расмийларини “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилишдан бош тортишга чақирган. Танқидчилар бу қонунни Россиядаги “хорижий агентлар”га оид репрессив қонуннинг муқобили, деб аташмоқда.

Еврокомиссия расмий Тбилиси қарори “Грузиянинг европача истиқболига салбий таъсир кўрсатиши”ни қайд этган, чунки мазкур қонун лойиҳаси фуқаровий жамиятга путур етказади ва ОАВ эркинлигига хавф солади. Ўтган йили Грузия Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини олган, бироқ бу борадаги музокаралар ҳали бошланган эмас.

Грузия расмийларини баҳсли қонунни рад этишга АҚШ ҳам чақирган. Қўшма Штатлар акс ҳолда Грузияга берилаётган кўп миллион долларли ёрдам дастурини қайта кўриб чиқиш ва норозиларга қарши қатағонга алоқадор шахсларга нисбатан санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилган. Қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси халқаро босимни қоралаб чиққан.

14 май куни Грузия парламенти учинчи, якуний ўқишда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Грузия президенти Саломе Зурабишвили унга вето қўйган. Бироқ “Грузия орзуси” партияси президент ветосини айланиб ўтиш учун парламентда етарли овозга эга.

Баҳсли қонун лойиҳаси муҳокамаси Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларидаги кўп минг кишилик норозилик чиқишлари манзарасида бўлиб ўтган. Қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари бўлган ўн минглаб норози қарийб бир ярим ойдан бери “Россия қонуни”ни қабул қилмаслик талаби билан кўчаларга чиқмоқда.

Норозилик акциялари чоғида полиция билан тўқнашувлар бўлган — ҳуқуқ-тартиботчилар, расмийлар фикрича, жамоат тартибини бузган намойишчиларга қарши куч ишлатишиб, уларни қўлга олишган.