ЕИнинг ўн мамлакати Россия гази импортини бутунлай тақиқлашга чақирди

Европа Иттифоқининг ўн мамлакати Россиядан келаётган бутун газ импортини имкон қадар тезроқ тўхтатиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда тасарруфида ҳужжат нусхаси бўлган Reuters агентлиги хабар қилди. Мамлакатлар Россияга тегишли ҳар қандай газ – ҳам қувур орқали келаётган, ҳам суюлтирилган газ импортини тақиқлашни таклиф қилишмоқда.

Тўлиқ тақиққа муқобил ўлароқ Европа Иттифоқи томонидан 2022 йилда қабул қилинган RePowerEU стратегиясига мувофиқ равишда импортни босқичма-босқич камайтириш таклиф қилиняпти. Мазкур стратегияда ЕИ бошқа таъминотчилар билан ҳамкорлик қилган ва тикланувчи энергия марбаларидан фойдаланишни кенгайтирган ҳолда Россия газидан 2027 йилгача тўлиқ воз кечиши кўзда тутилган. Бироқ ҳужжат муаллифлари бу жараённи имкон борича тезлатишни талаб қилишмоқда.

Ҳужжат Литва, Латвия, Эстония, Дания, Чехия, Польша, Руминия, Швеция, Ирландия ва Финляндия томонидан имзоланган.

Европа Иттифоқи расмийлари Россияга қарши иқтисодий санкцияларнинг 16-пакетини ҳозирлашмоқда. Уни февраль ойи охирида – Россия кучлари Украина ҳудудига кенг кўламли босқин бошлаганига уч йил тўладиган пайтда эълон қилиш режаланган.

Европа Иттифоқи шу пайтгача Россия газини денгиз йўли билан етказиб беришни тақиқлаган, бироқ қувур орқали етказиб берилаётган газдан тўлиқ воз кеча олмаган, чунки унга Европадаги айрим мамлакатлар, хусусан, Словакия ва Венгриянинг эҳтиёжи бор. Бу мамлакатлар расмийлари ЕИнинг санкция сиёсатини бир неча бор танқид қилишган ва Кремль билан яқинлашишга чақиришган.