Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластин мустақиллигини тан олди

Испания бош вазири Педро Санчес

Исроил раҳбариятининг асабий муносабатига қарамай, 28 май куни Испания, Норвегия ва Ирландия Фаластин давлати мустақиллигини расман тан олди.

Бу фақатгина битта мақсадни - исроилликлар ва фаластинликларнинг тинчликка эришишига ёрдам беришни кўзда тутган тарихий қарордир”, дея таъкидлади Испания бош вазири Педро Санчес сешанба куни ўз кабинети йиғилиши олдидан қилган телемурожаатида. Шу куннинг ўзида Мадридда Фаластинни мустақил давлат ўлароқ тан олиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаш кутилмоқда.

Ғарбий Европадаги уч давлатнинг мувофиқлаштирилган қарори ҳақида ўтган ҳафтада маълум бўлган эди. Исроил танқидига жавоб берар экан, Испания ҳукумати раҳбари ўз кабинетининг қарори яҳудий давлатига қарши қаратилмаганини урғулади. Педро Санчес Исроилни “Мадрид ҳурмат қиладиган, қадрлайдиган ва энг яхши алоқаларга эга бўлишга интилаётган дўст давлат” деб атаган.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац Х ижтимоий тармоғида Санчес ҳукуматини “яҳудийлар қатлиоми ва ҳарбий жиноятларга туртки бериш фитнаси иштирокчиси бўлиб ҳисобланади”, деб ёзган.

Фаластинлик давлати чегаралари тўғрисидаги масалаларни муҳокамаси хусусида тўхталар экан, Педро Санчес Испания бошқа мамлакатларнинг чегарасини белгиламаслиги кераклигини таъкидлади. Айни пайтда у ўз нутқида Фаластиннинг икки ҳудуди — Ғазо сектори билан Ғарбий соҳил — йўлак билан бирлаштирилиши, давлатнинг пойтахти эса Шарқий Қуддус бўлиши кераклигини айтган.

Испания бош вазирига кўра, Фаластин давлати энг аввало яшовчан бўлмоғи лозим. Санчес ўз ҳукумати АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳига қарши эканини ҳамда гуруҳ жангариларининг ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига қилган ҳужумини кескин қоралашини қўшимча қилган. Испания бош вазири қайдича, Фаластин мустақиллигини тан олиш “икки давлат муаммосини ҳал қилиш учун ягона йўл”дир.

Фаластин давлати мустақиллигига оид масала Исроил билан бир қаторда фаластинлик араблар давлати барпо қилиниши кўзда тутилган “икки халқ учун икки давлат” концепцияси билан боғлиқ. Бу концепция 1967 йилдаги олти кунлик урушдан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгашининг 242-резолюцияси шаклида расмийлаштирилган. Айни пайтда бу масала юзасидан Исроилда ҳам, Фаластин сиёсий кучлари орасида ҳам ҳеч қачон якдиллик бўлган эмас: исроиллик сиёсатчилар мустақил Фаластин давлати Исроилга мунтазам ҳужумлар учун базага айланишидан хавфсирашади, фаластинлик радикалларнинг кўпи эса яҳудий давлатининг мавжудлик ҳуқуқини ҳам тан олишмайди.