Ўзбекистонга 17 мартга ўтар кечаси коронавирусга қарши эмланадиган AstraZeneca вакцинасидан 660 минг доза олиб келинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, бу вакциналарни етказиб бериш Эпидемияларга тайёргарликни таъминлаш мақсадида инновациялар учун коалиция (CEPI), Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс (GAVI), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) иштирокидаги COVAX глобал ҳамкорлиги доирасида амалга оширилмоқда.
COVAX дастури камбағал давлатларга коронавирусга қарши вакцинани бепул етказиб бериш мақсадида ташкил этилган. Расман билдирилишича, Ўзбекистонга мазкур дастур орқали 2021 йилда 2,64 миллион доза AstraZeneca вакцинаси етказиб берилади.
Хабарномада Тошкентга етиб келган 660 минг доза вакцина COVAX томонидан Ўзбекистон учун ажратилган 2 миллион доза вакцинанинг биринчи қисми экани, вакциналарнинг қолган қисми яқин ойларда етказиб берилиши, мазкур вакциналар билан Ўзбекистонда аҳолини короновирусга қарши эмлаш ишлари бошланиб, босқичма-босқич давом эттирилиши айтилган.
Аввалроқ Дания, Норвегия, Исландия, Ирландия, Италия, Германия, Франция, Испания ва Болгария қонда тромблар пайдо бўлиши кузатилгани ортидан AstraZeneca вакцинаси билан эмлашни тўхтатгани ҳақида хабар қилган эдик.
Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган жума куни AstraZeneca вакцинаси қатор беморларда тромблар пайдо бўлишига сабаб бўлганига ҳали исбот топилмагани учун мамлакатлар раҳбарларига мазкур препаратдан воз кечмасликни тавсия қилганди.