ЕКПА Навальнийни озод қилишга чақирилган резолюцияни қабул қилди

Навальний ҳимоясига ўтказилган митинглардан бири, Москва, 2021 йил 21 апрели

Европа Кенгашининг Парламент ассамблеяси Россия ҳукуматини Алексей Навальнийни қамоқхонадан дарҳол озод этиш ҳамда унинг ҳуқуқлари риоя қилиниши, жумладан зарур тиббий ёрдам олишини тўлиқ таъминлашга чақирилган резолюцияни қабул қилди.

ЕКПА депутатларининг аксарияти (106 киши) резолюцияни маъқуллаб овоз берган. Қарши овоз берганлар 26 киши бўлиб, улар Россия делегацияси аъзолари ҳамда Озарбайжон ва Арманистон вакилларидир. Бетарафлар орасида Туркия, Сербия вакиллари ва чехиялик бир депутат бор.

ЕКПА Москвани Навальнийнинг қамалишига сабаб бўлган “Ив Роше” иши юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди қарорини бажаришга ҳам чақирган. Россия Навальнийни Европа Кенгаши вазирлар қўмитасининг инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бағишланган навбатдаги йиғилишига қадар (у 2021 йилнинг июнь ойи бошларига белгиланган) озод қилиши лозим.

Бундан ташқари, депутатлар резолюцияда Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Европа конвенцияси бузилиши ҳолатларини ҳам қайд этишган. Таъкидланишича, қамоқда мухолифатчининг соғлиғи сезиларли даражада ёмонлашган: “Навальний сақланаётган шарт-шароитнинг қатор жиҳатлари, жумладан, унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолардан шикоятлари жавобсиз қолгани Инсон ҳуқуқлари тўғрисида Европа конвенциясига мувофиқлик масаласида қўшимча саволларни туғдиради”.

Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дунья Миятович Москвани Навальнийни озод этишга чақирган. “Мен Россия ҳукуматини Навальнийни озод қилишга ва соғлиғи жиддий путурдан кета бошлагани муносабати билан унга тўлақонли тиббий ёрдам олиш имконини беришга чақираман”, дея баёнот берган мулозима.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди 19 апрель куни Навальнийнинг қамоқхонада сақланиши шартларининг бузилишига доир ишни алоҳида тартибда кўришини маълум қилган.

Россиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова қамоқхонадаги шароит ва Алексей Навальнийнинг тиббий таъминоти халқаро стандартларга монандлигини иддао қилган. Россия омбудсмени Европа Кенгаши бош котиби Мария Пейчинович-Буричга мактубида “А.А.Навальнийга нисбатан шафқатсиз ва қўпол муносабатда бўлинганлиги фактлари аниқланмаган”ини билдирган.

У “тунда Навальнийга, бошқа маҳкумларга берилгани каби, узлуксиз саккиз соатлик уйқу вақти ажратилиши”ни қайд этган. Москалькова колония ходимлари, қонунга мувофиқ, кечалари ҳам маҳкумлар ёнига киришга ваколатли эканини, аммо уларни уйқудан уйғотишга ҳаққи йўқлигини ҳам айтган.

Омбудсменга кўра, Навальний ушбу қамоқхонага келганидан бери 14 марта жазо муддатини ўташ тартибини бузган. Москальковага ишонилса, отрядда навбатчи бўлишдан, ўрин-тўшагини йиғиштиришдан бош тортганида ҳамда кун тартиби ва кийиниш талабларини бузганида мухолифатчига танбеҳ берилган.

Аввалроқ Москалькова 20 апрель куни Навальнийни “Федерал жазони ижро этиш тизимидан бўлмаган”, Владимир вилоятидаги давлат касалхоналарида ишловчи тўрт нафар врач бориб кўришганини, аммо сиёсатчининг соғлиғига доир “жиддий хатар ҳозирча йўқ”лигини маълум қилганди.

Алексей Навальний ёнига мустақил врач киритилишини талаб қилиб 31 мартдан бери очлик эълон қилган. Бир неча ҳафтадан буён у яғрини ва оёқларидаги оғриқдан шикоят қилади.

Мухолифатчи қамоқхонада унга “уйқу бермай қийнашаётгани”нидан арз қилган: айтишича, уни атайлаб “қочишга мойил” маҳкумлар рўйхатига тиркаб, кечалари текширув баҳонасида ҳар соатда уйғотишади. Навальний бу каби “ноқонуний жазо чоралари”ни бас қилишни талаб қилган.