Европа кенгаши Парламент ассамблеяси (ЕКПА) сайтида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг колониядаги ўлими муносабати билан 18 апрель куни қабул қилинган резолюция матни ёйинланди.
Резолюцияда россиялик расмийларга нисбатан кескин чоралар кўриш таклиф этилган, Навальнийнинг ўлими эса жавобгарлиги Россия давлати зиммасида бўлган қотиллик, деб аталган.
ЕКПА Навальнийни таъқиб қилишга бевосита дахлдор бўлган (уларнинг айримлари аллақачон санкция рўйхатларига киритилган) 50 чоғли кишига қарши санкция киритишга чақирган.
“Владимир Путин ҳукмронлиги остида Россия Федерацияси феълан диктатурага айланиб бўлди”, дейилган резолюцияда. Ҳужжатда иддао қилинишича, Владимир Путин режими қўшни давлатларга қарши ўз тажовузкорлигини оқлаш учун “Рус дунёси”нинг неоимпериячилик мафкурасига таянмоқда. Резолюцияда мазкур мафкуранинг мустаҳкамланишида патриарх Кирилл бошчилигидаги Рус православ черкови иерархлари муҳим роль ўйнаётгани урғуланган. Бу “динни суиистеъмол қилиш ва насроний православ анъанасини нотўғри талқин қилиш” деб аталган, Рус православ черкови раҳбариятига эса Путин режими муҳтамал жиноятларининг шериклари ўлароқ қараш лозимлиги уқтирилган.
Резолюцияда жорий йилнинг март ойида Россияда бўлиб ўтган президент сайлови нолегитим деб аталган (ЕКПА 2023 йилдаёқ Путинни Россиянинг легитим президенти деб тан олмаслик тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган эди).
Ҳужжатда Украинага зарур бўлган қурол-аслаҳа ва ўқ-дорини зудлик билан етказиб бериш, Россияга қарши санкцияларни кучайтириш, Россия ва Беларусь қамоқхоналарида тутиб турилган сиёсий маҳкумларни озод қилиш ёки алмаштириш, Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ёрдам беришда фойдаланиш ҳамда Россия раҳбарияти томонидан бошлатилган урушнинг муҳтамал жиноятларини тергов қилиш учун халқаро трибунал ташкил қилиш каби чақириқлар мавжуд.
Бундан ташқари ЕКПА вакиллари Россиянинг нефтни қайта ишловчи заводлари қонуний ҳарбий ҳадаф деб ҳисобланиши лозимлиги билдиришган (аввалроқ АҚШ маъмурияти вакиллари Украина томонидан ушбу заводларга зарба берилганини танқид қилиб чиқишганди).
Резолюцияда Россия ва Беларусдаги демократик кучлар билан мулоқот қилишга, жумладан, улар билан алоқалар бўйича махсус маърузачи тайинланишига доир чақириқ ҳам бор.
2022 йил февралида Украина ҳудудига кенг кўламли босқин уюштиргани ортидан Россия Европа кенгашидан чиқариб юборилган ва бугунги кунда ЕКПА фаолиятида иштирок этаётгани йўқ. ЕКПА резолюциялари моҳиятан тавсия характерига эга бўлиб, ассамблеяда Европа кенгашига аъзо бўлган мамлакатларни бу тавсияларни бажаришга мажбурлаш ваколати йўқ.