Ереван ва Боку тинчлик шартномаси матнини мувофиқлаштиришди

Арманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирликлари 13 март куни тинчлик шартномаси матни устида иш якунланганини эълон қилишди. Озарбайжон ТИВ раҳбари Жейҳун Байрамов баёнотига мувофиқ, Ереван ҳужжатнинг аввал мувофиқлаштирилмаган сўнгги икки банди бўйича Боку таклифини қабул қилган. Бу ҳақда ҳар икки мамлакат хабарномаларида айтилган.

Вазирга кўра, кейинги қадам Арманистонда конституциявий ислоҳот ўтказилиши бўлиши керак, чунки мамлакат Қомусининг амалдаги таҳририда Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъволар мавжуд. Ереван вакиллари шартномани имзолаш жойи ва вақтига оид маслаҳатлашувларга тайёр эканларини тасдиқлашган.

Арманистон билан Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномаси шартлари муҳокамаси 2020 йилда Боку ҳарбий амалиёт чоғида Қорабоғ ҳудудининг катта қисми устидан назоратни қайтариб олганидан сўнг бошланган.

2025 йил февралида Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонлар ҳужжатнинг 17 бандидан 15 тасини ўзаро мувофиқлаштиришгани ҳақида маълум қилган. Қолган келишмовчиликлар халқаро судлардаги ўзаро даъволардан бош тортиш ҳамда чегара бўйлаб хорижий қўшинларни жойлаштириш масаласига дахлдор эди.

2024 йилнинг сентябрь ойидаёқ Пашинян тинчлик шартномасини имзолаш бўйича мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун мамлакат Конституциясини ўзгартиришга тайёр эканини қайд этганди. Февраль ойи охирида у Ереван билан Боку ўртасида янги эскалация таҳдидини кўрмаётганини билдирган.

Эндиликда томонлар шартнома имзолаш формати ва уни амалга ошириш механизмларини белгилашлари керак бўлади. Бу жараён кўп йиллик Арманистон-Озарбайжон можаросини ҳал қилишда асосий босқичга айланиши кутилмоқда.

Халқаро ҳуқуққа мувофиқ, Қорабоғ Озарбайжоннинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Ҳудуднинг катта қисми 30 йилдан кўпроқ вақт ичида ўзини мустақил деб эълон қилиб олган Тоғли Қорабоғ республикаси назорати остида бўлган. Боку бу ҳудуднинг бир қисми устидан назоратни 2020 йил кузида бўлиб ўтган 44 кунлик уруш натижасида қайтариб олган. 2023 йил сентябрида Озарбайжон минтақада ҳарбий амалиёт ўтказган, унинг натижасида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси тугатилган.

Аксариятини армани миллатига мансуб кишилар ташкил қилган 120 мингга яқин одам Озарбайжон расмийлар томонидан бўладиган таъқиб чўчиб, ўз уйларини тарк этишган. Боку армани аҳолисини Қорабоғда қолиб, Озарбайжон фуқаролигини қабул қилишга чақирган. Шунингдек, Озарбайжон Қорабоғда қолишга қарор қилган арманиларнинг барча ҳуқуқларига риоя қилинишини кафолатлашини маълум қилган.