Арманистон пойтахтида 13 май куни шаҳар марказида бўлиб ўтган норозилик акцияларида полиция 151 кишини қўлга олган. Улар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаганликка оид маъмурий моддани бузганликда айбланишмоқда. Бу ҳақда “Арманистон янгиликлари” агентлиги маҳаллий ИИБдан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Норозилик акциялари иштирокчилари Ереван кўчаларини тўсиб қўйишга уринишган. Улар Арманистон бош вазири Никол Пашинянга қарши шиорларни ҳайқиришган. Қайд этилишича, полициячилар норозиларни қўлга олиш чоғида куч ишлатган. “Арманистон янгиликлари” агентлиги хабарига кўра, полиция ходимлари хатти-ҳаракатлари туфайли 24 News ва ABC Media журналистлари жабр кўрган.
Еревандаги норозилик чиқишлари 9 май куни ўн минглаб одам Пашинян истеъфосини талаб қилиб шаҳар марказидаги митингга йиғилган пайтда бошланган. Булар асосан Арманистон ҳаворийлик черкови Тавуш епархияси раҳбари, архиепископ Баграт Галстанян бошчилигидаги “Тавуш ватан учун” ҳаракати тарафдорлари бўлган. Митингга Озарбайжон билан чегара делимитацияси сабаб бўлган.
Аввалроқ Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Ереван ва Боку чегаранинг алоҳида олинган участкасидаги делимитация ҳақида, жумладан Тавуш вилояти билан Озарбайжоннинг Газах тумани ўртасидаги тўрт қишлоқнинг ҳудудий мансубияти тўғрисида дастлабки келишувга эришганини билдирган эди. Бу қишлоқлар ўтган асрнинг 90-йиллари бошларидан бери Арманистон томонидан назорат қилиб келинган бўлиб, эндиликда Озарбайжонга ўтиши кутилмоқда.