Еревандаги Пашинян сиёсатига қарши акцияларда юзлаб норози қўлга олинди

Еревандаги норозилик акциясидан лавҳа, 2024 йил 27 майи

Арманистон пойтахти Ереван ва бошқа аҳоли пунктларида 27 май куни амалдаги бош вазир Никол Пашинян сиёсатига қарши “бўйсунмаслик акцияси” бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг арман хизмати хабар қилди.

ТАСС агентлигининг Арманистон ИИВдан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, полиция Ереванда 220 дан зиёд норозини қўлга олган.

Митингчилар норозилик шиорларини ҳайқириб, кўчаларни автомобиллар ва чиқинди баклари билан тўсиб қўйишмоқда. Хусусан, норозилар Эронга кетадиган трассани ҳамда Еревандан Армавирга елтувчи автойўлни юк машиналари билан тўсиб қўйишган. Акцияни “Халқ жабҳаси” норозилик ҳаракати мувофиқлаштирмоқда.

Ереван вақти билан соат 10:30 гача камида 197 нафар фаол тутиб кетилгани ҳақида маълумотлар бор. Қўлга олинганлар орасида Арманистон парламентидаги мухолифатчи депутатлар Ашот Симонян ва Артур Саргсян ҳамда КХШТ собиқ бош котиби, Арманистон Қуролли кучлари бош штаби собиқ бошлиғи Юрий Хачатуровнинг ўғли Игорь Хачатуров ҳам бор.

Норозилик акцияларига чиққан одамлар Арманистон томонидан Озарбайжонга бир неча чегараолди қишлоғи берилишига қарши чиқишмоқда. Мухолифат бош вазир Никол Пашинянга қарши импичмент жараёнини бошлашга уриняпти. Ҳукмрон партия вакиллари эса черков намояндалари иштирокида давлат тўнтаришига ҳозирлик кўрилаётганини иддао қилмоқда.

Норозилик чиқишлари уюштирувчиси архиепископ Баграт Галстанян митингчилар номидан Арманистон бош вазири Никол Пашинян истеъфосини талаб қиляпти.

Норозилик акциялари чегараолди қишлоқларида ҳам бошланган. Дейлик, ана шундай акция чиққан Тавуш вилояти турғунлари Арманистон Озарбайжонга бу ҳудуддаги тўрт қишлоқни ўтказиб берганидан кейин ўз уйларидан айрилиб қолишдан чўчишмоқда. Норозилар Ереван томон юриш бошлашган, кейинроқ уларга Озарбайжонга ер берилишига қарши бўлган минглаб одам қўшилган.

Норозилик чиқишлари манзарасида Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари тинчлик шартномасининг асосий масалалари бўйича музокара ўтказиш учун Қозоғистонда учрашишган.