Еревандаги савдо марказида қурбон бўлганлар сони 6 нафарга етди

Ереваннинг "Сурмалу" бозорида иш олиб бораётган қутқарувчилар, 2022 йил 14 августи

Арманистон пойтахтидаги “Сурмалу” улгуржи бозорида якшанба куни юз берган портлашда ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди. Олдинроқ ҳодиса чоғида 3 одам нобуд бўлгани хабар қилинган эди.

Вазирлик қайдича, портлаш чоғида 60 дан зиёд одам жароҳатланган, яна 16 киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда.

Айни пайтда ёнғин ҳалигача тўла ўчирилмагани айтиляпти. ФВВ маълумотига кўра, аланга 8-9 минг квадрат майдондаги барча нарсанинг кулини кўкка совурган, 21 та автомобиль ёниб кетган. Ҳозир воқеа жойида 185 нафар қутқарувчи ва 150 чоғли кўнгилли иш олиб бормоқда.

Портлашга айнан нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Бироқ аввалроқ бозордаги пиротехника омборига ўт кетгани айтилган. Воқеа ортидан Арманистон Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғатган.