Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”га давлат кафолати остида 66,4 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда.
Gazeta.uz нашри қайдича, ушбу маблағ Хоразм вилоятидаги Саримой ва Навоий вилоятидаги Мурунтов аҳоли пунктлари ўртасида 230 километр узунликдаги 500 кВ электр узатиш линиясини қуришга йўналтирилади.
Лойиҳа электр таъминотидаги узилишлар, айниқса, юклама энг юқори бўлган вақтда чироқ ўчишларини камайтириши кутилмоқда. Шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбалари интеграциялашувига хизмат қилувчи лойиҳа туфайли иссиқхона газлари чиқиндилари йилига 4143 тонна ва электр энергияси йўқотишлари 34 636 мВт⋅с га камайиши кўзда тутилган.
Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ноябрь ойида мамлакат электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида сезиларли ютуқларга эришгани, аммо энди уни тўплаш ва ташиш учун инфратузилма, жумладан, камида 5000 километр электр узатиш линиялари, 500 кВ ва 200 кВ юқори кучланишли линиялар ва нимстанциялар зарурлигини айтган эди.
ЕТТБ 2017 йилда Ўзбекистондаги фаолиятини қайта бошлаганидан сўнг мамлакат иқтисодиётига киритган сармоялари миқдори 3 миллиард еврога етган.
Халқаро молиявий тузилма ўтган йил май ойида водий вилоятларида халқаро стандартлар асосида 15 та мактаб қурилиши учун грант ажратган эди.
Озодлик аввалроқ ЕТТБнинг минтақа бўйича етакчи эксперти Эрик Ливни билан Ўзбекистонга ажратилаётган маблағлар сарфида шаффофликни таъминлаш бўйича суҳбат уюштирганди.