Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида 21 сентябрь куни Тоғли Қорабоғ арманлари ва расмий Боку масъуллари ўртасида музокаралар ўтказилган. У ерда, расмий манбалар қайдича, “Қорабоғда яшовчи арманлар реинтеграцияси” масаласи муҳокама қилинган.
Учрашув натижаларига оид тафсилотлар очиқланган эмас. Боку ўтган асрнинг 80-йиллари охиридан буён Озарбайжон расмийларига бўйсунмай келаётган собиқ Тоғли Қорабоғ мухтор вилоятининг бутун ҳудудлари ўз назорати остига ўтишини кутяпти. Президент Илҳом Алиев 21 сентябрь куни мамлакат “ўз суверенитетини тиклади”, дея баёнот берди.
Мазкур музокаралар ўзини Озарбайжондан мустақил деб эълон қилиб олган Тоғли Қорабоғ вакиллари феълан таслимиятни англатувчи шартлар асосида ўт очиш тўхтатилишига рози эканларини билдирганларидан кейин бўлиб ўтиши айтилган. Бу шартларда маҳаллий ҳарбийларни тарқатиб юбориш ва улар фойдаланган оғир ҳарбий техникани Озарбайжон расмийларига топширилиши кабилар бор эди.
Аввалроқ Озарбайжон расмийлари Тоғли Қорабоғ вакилларига Бокуга топширилиши лозим бўлган одамларнинг номма-ном рўйхатини тақдим этишгани хабар қилинган эди. Улар орасида тан олинмаган республиканинг собиқ раҳбарлари ҳамда давлат ва ҳарбий арбоблар номлари бор. Бироқ бу маълумот расман тасдиқланган эмас.
Бу орада Арманистонда мамлакат ҳукуматининг Тоғли Қорабоғда Озарбайжон армиясига қаршилик кўрсатмаслик қарорига қарши норозилик чиқишлари давом этмоқда. 1990-йиллар бошларидан оммавий норозилик намойишлар натижасида ҳокимият тепасига Никол Пашинян келган 2018 йилгача мамлакатнинг юқори лавозимли раҳбарлари асосан қорабоғликлар ёки ўша урушда иштирок этган фахрийлар бўлган.
Тоғли Қорабоғ ҳудуди халқаро ҳуқуққа кўра Озарбайжоннинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Минтақа аҳолисининг аксариятини арман миллатига мансуб кишилар ташкил этади. Арман жамоати вакиллари эълон қилган мустақилликни Арманистоннинг ўзи дохил дунёдаги бирорта мамлакат тан олган эмас. Шу пайтгача можаро томонлари бир-бирларини этник тозалашларга айблаб келишган.