Европа комиссияси Европа Иттифоқи кенгашига Украина ва Молдованинг ЕИга кириши тўғрисидаги музокараларни бошлашни тавсия қилди. Бу ҳақда Еврокомиссия вакиласи Ана Пизонеро маълум қилди.
“Биз ЕИга аъзо мамлакатларга Украина ва Молдова барча шартларни бажарди, деб ҳисоблашимиз ҳақида янгиланган маълумотни тақдим этдик. Энди қарор чиқариш аъзо мамлакатлар қўлида”, деди Пизонеро.
Украина бош вазири Денис Шмигаль мамлакатнинг евроинтеграция бўйича олға силжишини ижобий баҳолагани учун Еврокомиссияга ташаккур изҳор қилган.
"Еврокомиссия томонидан эълон қилинган хулосада Украина ЕИга қўшилиш бўйича тизимли саъй-ҳаракатларни давом эттираётгани ва ислоҳотга оид 4 та қўшимча қадамнинг барчасини бажаргани айтилган. Эндиликда биз европалик ҳамкорларимиздан кейинги қадамни – шу ойнинг ўзида Европа Иттифоқига аъзоликка оид музокараларнинг бошланишини кутиб қоламиз", деган у.
Аввалроқ Financial Times газетаси Еврокомиссия мазкур музокараларни 1 июль куни ЕИга раислик Венгрияга ўтишига қадар бошлашни тавсия қилиши ҳақида хабар қилган эди.
ЕИ аъзолари ичида Россияга энг хайрихоҳ давлат бўлиб ҳисобланган Венгрия Европа Иттифоқининг Украина бўйича аксар қарорларини блокировка қилиб келади. Будапешт, жумладан Украина ғарбида венгер миллий озчилиги ҳуқуқларига риоя қилиниши билан боғлиқ вазиятни рўкач қилган ҳолда, Киевнинг ЕИга киришига оид музокаралари бошланишига қарши чиқиши кутилмоқда.
Украинанинг ЕИга кириш тўғрисидаги аризаси 2022 йилнинг 28 февралида берилган, унга ЕИга киришга номзод мамлакат мақоми ариза берилганидан тўрт ой кейин – 23 июнь куни берилган.
Музокаралар бошланиши ўз-ўзидан Украинанинг ЕИга тез орада киришини англатмайди. Европа кенгаши раиси Шарль Мишель, “агар иккала томон уй вазифасини адо этса”, Украина 2030 йилга бориб ЕИга аъзо бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтган.