Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар вакиллари 1 декабрь куни расмий Минскка қарши навбатдаги – ҳисоб бўйича бешинчи санкциялар туркумини узил-кесил тасдиқлашди.
Бу сафар санкциялар Беларуснинг ЕИ мамлакатлари билан чегарасидаги миграция инқирози муносабати билан жорий этилган. Евроиттифоқ Лукашенко режимини босим ўтказиш воситаси ўлароқ фойдаланиш учун миграция инқирозини сунъий равишда вужудга келтирганликда айблайди.
Озодлик мухбирининг хабар қилишича, рўйхат расман 2 декабрь куни эълон қилинади. Унга 28 жисмоний ва юридик шахс кирган. Рўйхатда Россия фуқаролари ва ширкатлари қайд этилмаган – аввалроқ айрим ОАВлар, хусусан “Аэрофлот” ширкати мигрантларни ташиган авиаташувчи сифатида санкцияларга тутилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.
Озодликнинг беларус хизмати хабарига кўра, санкция қўлланганлар орасида Беларуснинг “Белавиа” ширкати бўлиб, ЕИ уни Яқин Шарқ мамлакатларидан Беларусга мигрантларни ташишда иштирок этган, деб ҳисоблайди. Минск халқаро аэропортига нисбатан санкциялар татбиқ этилган эмас.
Шунингдек, рўйхатда сайёҳлик агентликлари ва мигрантларни қабул қилган меҳмонхоналар, Сурияга қарашли Cham Wings Airlines авиаширкати бор. Беларусдаги “Гродно Азот”, “Беларусьнефть” ва “Белшина” сингари бир неча йирик корхона ҳам “қора рўйхат”га тиркалган.
Санкциялар рўйхатидан жисмоний шахслар – Беларусь мулозимлари, чегара хизмати раҳбарлари ва судьялар ҳам жой олган.