Европа Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррель 8 январь куни Қозоғистондаги аҳвол хусусида фикр билдираркан, ЕИ вазиятни тинч йўл билан тартибга солишда унга ёрдам беришга ҳозирлигини айтди.
“Биз муаммони тинчлик билан ҳал этиш учун ёрдам қўлини чўзишга тайёрмиз”, деган европалик дипломат.
Боррель инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан таассуф билдириб, зўравонлик ҳолатларини танқид қилган.
У КХШТга аъзо мамлакатлар ҳамда Россияни Қозоғистон мустақиллигини ҳурмат қилишга чақирган. “Ташқи ҳарбий кўмак Қозоғистон мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига, инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда жалб этилиши лозим. Биз Қозоғистон ҳукуматини ушбу мураккаб паллада фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, тинч йиғинлар ўтказиш ва ахборот олиш ҳуқуқини таъминлашга чақирамиз”, деган Боррель.
Аввалроқ АҚШ Қозоғистондаги зўравонликларни қоралаб, мамлакат ҳукумати ва намойишлар иштирокчиларини босиқликка ва можарони тинч йўл билан бартараф этишга чақирган эди.
КХШТ қўшинлари Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида намойишлар қонли тўқнашувларга айланиб кетганидан сўнг мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига кўра киритилган (Қозоғистоннинг ўзи КХШТ аъзоси бўлиб ҳисобланади). Тоқаев мамлакатга “чет элда ҳозирликдан ўтган 20 минг террорчи” ҳужум қилганини айтиб, норозилик чиқишларини ташқи тажовузга менгзаган.
Россия Мудофаа вазирлиги рус ҳарбийлари Қозоғистонда “маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва армия бўлинмаларининг тезкор-жанговар тадбирларига жалб қилинмайди”, дея иддао қилмоқда. Президент Владимир Путин эса вазият юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.