Европа Иттифоқи сўнгги 30 йил ичида илк маротаба Хитойга қарши санкция киритди. Чеклов чоралари тўрт нафар мансабдор ва бир юридик шахсга қарши жорий қилинган. Брюссел расмийлари фикрича, улар мусулмон уйғурлар ҳақларини поймол қилганлар.
Европа Иттифоқи билан мувофиқлаштирган ҳолда Буюк Британия, АҚШ ва Канада ҳам Хитойга нисбатан санкция жорий этилишини эълон қилган.
Сўнгги ойлар ичида Европадаги жамоат арбоблари ва ҳуқуқ фаоллари Шинжон Уйғур мухтор ўлкасида кўп йиллардан бери инсон ҳақлари бузилаётганига тобора кўпроқ эътибор қаратганлар. Бу ерда гап одамларни ўзбошимчалик билан тутиб кетишлар, қийноқлар ва сиёсий мафкурани тиқиштириш ҳақида боряпти. Euronews телеканали қайдича, бунинг учун Хитой расмийлари Шинжонда ташкил этилган “қайта тарбиялаш лагерлари”дан фойдаланмоқда.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ЕИ томонидан киритилган санкциялар бўйича зудлик билан муносабат билдириб, улар ёлғон, дезинфонмацияга асослангани ҳамда Хитойнинг ички ишларига қўпол аралашув бўлиб ҳисобланишини билдирган. Вазирлик Европа Иттифоқини халқаро ҳуқуқ ҳамда давлатлараро алоқалар меъёрларини бузганликда айблаган. Санкциялар жорий этилишини Пекин “Хитой билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларга путур етказиш” ўлароқ баҳолаган.
Европа Хитойга қарши сўнгги бор 1989 йили санкция жорий қилганди. Ўшанда Хитойга қурол-аслаҳа етказиб беришга эмбарго қўйилган. Бу Пекиннинг Тяньаньмэнь майдонидаги оммавий норозилик чиқишининг қонли равишда бостирилишига жавоб чораси бўлган. Хитой билан қурол-аслаҳа савдосига қўйилган мазкур эмбарго ҳалигача амалда.